Улар “Зарафшон” газетасида ишлаган
Зарафшон воҳасида, балки мамлакатимизда энг кекса ҳисобланган “Зарафшон” (аввалги “Ленин йўли”) газетаси йиллар давомида номлари турлича аталганидан қатъий назар, халқимиз тарихининг йилномасидир.
Газета бағрида не-не улуғ зотлар ижод қилганини унинг кўҳна тарихидан яхши биламиз. Нашрнинг дастлабки сонлари Маҳмудхўжа Беҳбудий масъул муҳаррирлиги остида “Самарқанд” номи билан чоп этилгани, ўз вақтида Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Акобир Шомансуров, Ҳожи Муин, Ғози Юнус, Али Исмоилзода каби маърифатпарварларнинг муҳаррирлик, таржима ва таҳрир ишларида иштирок этгани ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Қолаверса, газеталарнинг тарихдан сўзлагувчи тахламларида Шароф Рашидов, Вали Хўжаев, Лутфулла Ҳамроев, Нуриддин Шукуров, Аҳмаджон Мухторов, Марди Нуриддинов, Холмуҳаммад Нуруллаев каби эл суйган ижодкорларнинг имзоси турганлиги ушбу матбуот нашрлари нуфузи нақадар баланд эканлигини кўрсатиб турибди.
Умуман, ўтган йиллар мобайнида газета Ўзбекистонда илму маърифат, ахлоқ ва тарбия, бурч ва садоқат, инсонпарварлик ва ватанпарварлик ҳақида ёзадиган энг ноёб нашрлардан бирига айланди. Унда юзлаб журналист, мухбир, ижодий ва техник ходим ишлади.