“Уларнинг вазифаси даволаш — қоғоз тўлдириш эмас”: шифокорларнинг ортиқча юкламаси ва соҳадаги қоғозбозлик камайиши лозимлиги айтилмоқда
Маълум бўлишича, тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари ҳозир 26 турдаги журналлар, 33 турдаги ҳисобот шакллари ҳамда беморларга бериладиган ўнлаб турдаги бланкаларни тўлдиришга мажбур бўлмоқда.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, тиббиёт муассасаларидаги ортиқча қоғозбозликни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.
“Тиббиёт муассасаларида ҳали-ҳануз ортиқча оворагарчиликлар барҳам топгани йўқ. Шифокорлар қабулига кириш учун беморлар баъзан соатлаб навбат кутишига тўғри келмоқда. Чунки соҳа ходимлари зиммасидаги юкламалар кўп. Уларнинг аксарияти қоғозбозлик билан боғлиқ.
Масалан, "Тиббиёт ходимларининг жароҳат ҳолатларини қайд қилиш журнали"га нохуш вазиятлар юз бермаса, ойлаб, ҳатто йиллаб эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамшира ана шу ҳужжат турига ҳар куни “Бугун кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмади” деган мазмундаги қайдларни киритиб бориши шарт.
Ваҳоланки, шифокорнинг энг асосий вазифаси одамларга шифо улашишдан иборат. У бунинг учун ҳар бир беморга ўртача 15 дақиқа вақт ажратиши керак. Бироқ амалда шундан маълум қисми ҳужжат тўлдиришга сарфланмоқда.
Бирламчи бўғин ходимлари “Амбулатор-поликлиника муассасасига келганларни қайд этиш журнали” ҳам ортиқча, деган фикрда. Негаки, аҳоли жуда кўп мурожаат қилган паллаларда қабул бўлими ҳамширасининг мазкур журнални тўлдириб ўтириши узундан узоқ навбатларни юзага келтиради. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, беморлар қабул бўлимидан рўйхатдан ўтгач, шифокор ҳузурига кириш учун яна рўйхатга ёзилиши зарур”, дейилади вазирлик хабарида.