Улуғ Турсунов кўчасидан ким ўтмоқчи бўлса, йўл асфальт бўларкан-а?..

Сайтимиз ва телеграм каналимизда 7 ноябрь куни “Бизнинг кўчага ҳам ҳокимлар келармикан?”, 11 ноябрь куни эса “Эртага Улуғ Турсунов кўчасидан ҳоким ўринбосари ўтади” сарлавҳали материаларни бериб, Самарқанд шаҳар Улуғ Турсунов кўчасида янги газ тармоғи тортиш учун йўл қазилгани, аммо орадан бир ой вақт ўтса-да, йўлнинг ушбу қисми таъмирланмаётгани ҳақида ёзган эдик.

Бу ҳақда матбуот анжумани пайтида вилоят ҳокими ўринбосари А.Шукуровга ҳам савол бергандик. Ҳоким ўринбосари эса ушбу йўналишда газ тармоғини тортиш ишлари якунлангач, йўлнинг бузилган қисми асфальт қилинишини маълум қилганди.

Афсуски, орадан қарийб икки ой ўтди ҳамки, ушбу йўналишда тармоқни тортиш ишлари якунланмади шекилли, асфальтдан ҳам дарак бўлмаяпти. Йўлнинг ковланган қисми яроқсиз бўлиши баробарида энди бошқа томонлари ҳам шу ҳолатга тушмоқда.

Кўксарой маҳалласи аҳолиси, бу кўчадан ўтиб-қайтаётганлар йўлнинг таъмирланишини яна қанча кутади?

Дарвоқе, шу пайтгача вилоят матбуот уйида вилоят ҳокими ўринбосарлари ва яна бошқа кўп раҳбарлар иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилди. Улар ҳам шу носоз йўлдан ўтишди. Лекин йўл асфальт бўлмади. Бу кўчадан энди ким ўтса, йўл таъмирланар экан-а?