"Уммон"нинг "Йўқол" қўшиғи – ҳақорат. Муаллифнинг ўзи нима деяётганини тушунармикан?

Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун гуруҳнинг "Тола" номли қўшиғининг "сирли" сўзларига эътибор берайлик: 

Юзта толадан қолди бир тола,
Қолгани бўлди кул ёна-ёна.
Тушунмоқдамисан, яна қолди оз?
Сўзларимга эътибор бер бироз.
Қолди сўнгги тола,
Бизни боғлаб турган тола.
Деярли тўлди сабр,
Қара, кўнгиллар жар ёқасида.

 

"Уммон"нинг "Йўқол" деб номланган қўшиғини ҳақорат сифатида баҳоласа, тўғрироқ бўларди. Фақат маънавияти паст, дунёқараши саёз кишигина аёл кишига  нисбатан шундай таҳқирли сўзларни айта олиши мумкин:

Йўқол, кўзларимга кўринма ортиқ,
йўқолиб қол,
Ортимдан юрма ортиқ, йўқолиб қол, қол!
Энди сенга на давлат, на пул керак,
Фақатгина санга ҳаводай ман керак!
Манга эса умуман керакмассан, 
Илтимос, йўқол! Ёқмаяпсан!... 


"Шаҳзод" гуруҳининг (Рашид Холиқов) "Гапир-гапир" деб номланган қўшиғидаги сўзларга қулоқ тутиб кўринг:
 

Тур, тур, тур, шу ерда тур,
Терговларингга жавоб бергани қўясанми?
Юр, юр, юр, ёнимда юр,
Айбимни юзимга босиб, эслатиб турасанми?
Гапир, гапир, гап гапир, 
Туну кун тинмасдан гапир.
Чақ, чақ, чақ, аламинг ол, 
Айбимни таъна қил, гапир... 


Бу нима, қанақа шеър, қайси тилда  битилган? Муаллифи ким? "Шоир" нима демоқчи? 
Шоҳрух исмли қўшиқчининг "Хато" қўшиғидаги сўзлар бундан-да аянчли:

 

Мадорим йўқ шу бугунда, бору йўғу,
Мана шу юрагимда "абсолютний бардак",
вот так.
Кечагина берилган бу ваъдаларинг,
Гапирилди "просто так", унутилди дарров.
Яна нима дема, ҳар гал битта гапингга,
Ишониб яшадимку ман аҳмоқ!
Сани гапинг мана бундоқ:
Келинг энди илтимос, мани кечиринг,
Энди яхши яшайлик. Йўқ!

Бу сўзларни ўқиган киши ёқа ушлаши тайин. Муаллифнинг ўзи нима деяётганини тушунармикан? Русча-ўзбекча сўзларнинг қоришмасидан иборат бу жумлалар қайси қолипга тўғри келади. Ўзбек тилини ҳурмат қиладиган киши бундай сўзларни битмаслиги аниқ. 
Шу каби бемаъни мисраларни хонанда Шаҳло Аҳмедованинг номи инглизча, матни ўзбекча "Бейби" қўшиғида ҳам учратиш мумкин:

Кўзларим йўл қараб, висолингни тилар,
Йўлингга боқаман, келишингни
сўраб соғинар.
Бир сени соғинар.
Бейби, бейби, излайди кўзларим мани,
Тўхтамайди ҳамон.
Яна бейби, бейби, ҳаяжонда қалбим мани,
Соғинчларим ёмон.


Умидахон исмли хонанданинг "Кел ярашайлик" деган қўшиғи матнини ҳатто, 4-синф маълумотига эга инсон ёзганига ҳам ишонгинг келмайди:

Бўм-бўш кўчада ҳеч ким йўқ,
Ўзим юргим йўқ, сенсиз яримман.
Машиналар ўтади на парвойим йўқ,
Бекорчи гап-гапга тоқатим йўқ.
Қара, аҳволимга назар сол, бир бор –
Кайфиятим йўқ…
Кел биттагина эътиборингни бер,
Ҳар битта гапни данагидек чақи-чақилайлик,
Кел ярашайлик, кел ярашайлик,
Гап гаплашайлик, чақчақлашайлик.

Тутуруқсиз қўшиқлар муаллифлари орасида хизмат кўрсатган артистларнинг борлиги одамни ўйлантиради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобулова ва "Божалар" гуруҳи (Жаҳонгир Позилжонов) ижросидаги "Ёрманда" қўшиғидаги бир тоғдан, бир боғдан олинган мисралар муҳтарама санъаткоримизнинг кўп йиллик самарали ижодига соя солгандай бўлади. Шундай саёз, маъно-мазмуни йўқ қўшиқлар қаторига Шоҳруххон ва Муниса Ризаеванинг "Сен мени керагим, борим", Шаҳзод Муродовнинг "Жингалак", Улуғбек Ҳолиқовнинг "Goodbye" номли қўшиқларини ҳам киритиш мумкин. 

Хўш, миллий қўшиқчилигимиз обрўсига путур етказаётган, ёшлар онгини заҳарлаётган бундай қўшиқларнинг кундан-кун кўпайиб кетишининг сабаби нимада? Келажагимиз бўлган ёшлар маънавиятига таҳдид солаётган бу иллатга қарши қандай курашмоқ лозим? 

Бизнингча, бу борада аҳволни яхшилаш учун миллий қўшиқчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилиш лозим. Қарорда ҳар бир қўшиқ Ўзбекистон Ёзувчилар ва бастакорлар уюшмалари қошида ташкил этиладиган бадиий кенгашдан ўтгандан кейингина омма ҳукмига ҳавола қилиниши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилиши зарур.

Маълумки, қўшиқ уч муаллиф – шоир, бастакор ва хонанданинг ижод маҳсули. Уларни намойиш этиш, эшиттиришда ҳар учала муаллифнинг исми, фамилияси қайд этилиши лозим. Бу муаллифлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш билан бирга, муаллифларнинг масъулиятини ҳам оширади.
Шунингдек, концерт ва тўй-томошаларда овоз кучайтириш воситаларидан, фонограммадан фойдаланиш тартиб ва меъёрларини белгилаш ҳам миллий қўшиқчилигимизни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. 

Комил СИНДОРОВ,
юридик фанлари доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.