“Умра-ю Ҳаж сафарларини ҳавас қилганман, холос”
Бу йил қутлуғ Рамазон ойида эҳтиёжманд, шу билан бирга ибратли оилалар вакилларидан 100 нафари давлат томонидан берилган йўлланма асосида Умра сафарига юборилиб, бир гуруҳи қайтиб келгани ҳақида хабар берган эдик. Уларнинг иккинчи гуруҳи ҳам муборак зиёратни адо этиб қайтишди.
- Мактабда яхши ўқиганман, араб ёзувини ўрганганман, - дейди Пайариқ тумани Кўпаки маҳалласида яшовчи Қандолат Норматова. – Аммо на институтда, на техникумда ўқидим. Қишлоқ қизлари қатори бўй етиб, турмушга чиқдим. 7 нафар фарзандим бор, улардан бири иккинчи гуруҳ ногирони. Раҳматли турмуш ўртоғим билан уларни оғир шароитда катта қилдик. Қуръон тиловати, китоб мутолааси, беш вақт намоз ва рўза ибодатларини канда қилмадим. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келаётганларга ҳавас қилардим, холос. Маҳалламиз раиси Бобур Шомуродов кутилмаганда Умра зиёратига давлат томонидан йўлланма берилишини айтганда, туш кўряпман, деб ўйладим. Қувончим ичимга сиғмади. Зиёрат давомида йиғлаб-йиғлаб, юртимиз тинчлиги, аҳолимиз фаровонлиги, камбағал оилалар бўлмаслиги, фарзандларимиз саломатлигини сўраб дуолар қилдим.
Самарқандлик зиёратчилар 2 апрель куни тонгга яқин кутиб олинди. Кемтик кўнгиллари тоғдек кўтарилган отахон ва онахонлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлардан миннатдор эканлигини билдириб, дуолар қилди.
Хайрулло Сатторов,
вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.