Университетда онлайн тарзда халқаро илмий конференция бўлди
2020 йилнинг 14-15 май кунлари Самарқанд давлат университетида “Инновацион ва замонавий ахборот технологияларини таълим, фан ва бошқарув соҳаларида қўллаш истиқболлари” мавзусида онлайн халқаро илмий конференция ўтказилди.
Конференцияда, турли тизимларда алгоритмизациялаш, моделлаштириш, тафаккурли технологиялар, муҳандислик математикаси ҳамда таълим, фан ва бошқариш тизимларида ахборотлаштириш, ўргатувчи технологиялар, электрон ресурслар каби масалалар кенг муҳокама қилинди.
Самарқанд давлат университети ректори профессор Р.Холмуродов, Исроил давлати Холон технология институти президенти, профессор Э.Якубов, Беларусь миллий техника университети профессори И.Ганчеренок ва бошқаларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.
Конференцияга хорижнинг 10 дан ортиқ давлатлари ва республикамиздан 200 га яқин маърузалар қабул қилинди. Конференция ишида Исроил, Россия, Беларусь, Қозоғистон, АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатлар ҳамда республикамиздан юздан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этди. Конференциянинг шўъба йиғилишларида 100 дан ортиқ маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.
Исроил давлати Холон технология институтининг роботехника соҳасидаги ютуқлари тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Абдусаттор БОБОЁРОВ.