UNWTO Бош котиби Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигига 30 йил тўлиши муносабати билан табрик йўллади

Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили ўз табриги ва тилакларини билдирди:

“Ҳурматли ҳамкасблар, азиз дўстлар!

30 йиллик самарали ҳамкорлигимиз муносабати билан энг самимий табрикларимни қабул қилинг. Кўп йиллик алоқаларимиз натижасида мамлакатингиз иқтисодиёт, маданият, шунингдек, туризм йўналишларида сезиларли натижаларга эришди.

Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ишончли шериклик муносабатларини ўрнатган. Биргаликда мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилган кўплаб турли лойиҳаларни амалга оширдик. Биз доимо ягона мақсад – маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида иш олиб борамиз.

Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон ҳукуматига ўзбек халқининг маданий меросини муҳофаза қилиш ва тарғиб қилиш борасида олиб бораётган ишлари учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Самарқанд, Бухоро, Хива каби бетакрор шаҳарлар мисолида бунинг исботини кўришимиз мумкин.

2023 йилда афсонавий Самарқанд шаҳри UNWTO Бош Ассамблеясининг 21-сессияси муносабати билан туризм олами янгиликларига мезбонлик қилади. Ишончим комилки, ушбу тадбир муваффақиятли ўтади. Шу билан бирга, ўзбек халқи ўз меҳмондўстлигини яна бир бор бутун дунёга намойиш этади ва мамлакат маданий меросидан баҳраманд бўлиш имконини беради.

Ўзбекистон ва унинг халқига равнақ ва омад тилайман! Катта раҳмат, Самарқандда кўришгунча!”