Гўдаклигида оёқлари сандалда куйган ҳунарманд. Бугун у нега куйиняпти?
Ургут тумани Ўрамас маҳалласида яшовчи ҳунарманд аёл Рисолат Ғаниева 7 ойлик гўдаклигида сандалга тушиб кетган. Унинг иккала оёғи чўғда куйиб, муштдек бўлиб қолган.
- Авваллари юришга қийналмасдим, - дейди иккинчи гуруҳ ногирони Рисолат Ғаниева. - Энди ёшим ўтган сари қийинчилик туғиляпти. Мактабда тенгдошларимдан қолишмасдим. Кечагидай эсимда, 9-синфда ўқирдим. Меҳнат дарсида турли хил матолардан стул учун кўрпача, доска учун махсус тозалагич тикиб борганман. Устозимиз менинг ишларимни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган. Ўша пайтларда қўшни қишлоқда яшовчи тикувчи аёлга шогирдликка тушганман. Аввал кўйлаклар, кейинчалик яктак ва тўнлар тикиб, бозорга чиқариб сотадиган бўлдим. Ўқувчилик давримдаёқ ўзим пул топиб, тикув машинаси сотиб олганман. Мактабни битирганимда анча қўлим келишиб қолган, ҳатто бир неча нафар шогирд тайёрлашга ҳам улгургандим.
Рисолат 19 ёшида турмушга чиқди. У келин бўлиб тушган қўшни маҳаллада аёллар учун ҳам кийим-кечаклар тикиш билан шуғулланди. Аммо...
- Турмуш ўртоғим билан бор-йўғи 7 ой бирга яшадим, - дейди Р.Ғаниева. - У олий ўқув юртида, ҳуқуқшунослик йўналишида таълим оларди. Қайнотамнинг тавсияси билан академик таътил олиб, хорижга ишлашга кетди. Пул жўнатиб турарди, аммо ўзи келмасди. Орадан 3 йил ўтиб, кунларнинг бирида унинг оламдан ўтгани ҳақида хабар келди. Бу нохуш хабарни эшитиб, ҳушимни йўқотганман. У мени “Парижон” деб чақирарди. Бу воқеадан 4 кун олдин мендан розилигини, ёш келин пайтимда ташлаб кетиб, узоқ вақт қайтиб келолмаганини айтиб, менинг ҳам ундан рози бўлишимни сўраганди. Бундай гапларни гапирмаслигини илтимос қилганман...
3 йил давомида турмуш ўртоғисиз яшаган бу оқила келинни барча оила аъзолари бирдек ҳурмат қиларди. Рисолат эса бу оила учун ҳурматга яраша хизмат қиларди.
- Бир бош молимиз бор эди, - дея сўзида давом этади Рисолат. - Кунларнинг бирида қайнонам жигар церрози касаллигига чалингани боис жарроҳлик амалиёти учун пул керак бўлиб қолди. Уйдагилар шу қорамолни сотмоқчи бўлишди. Хўжайиним жўнатган ва ўзим тикувчиликдан топган пулларни жамлаб, қайнонамнинг даволаниши учун берганман. Сигиримиз сотилмай қолган. Шунингдек, қишлоқ марказидан икки қаватли иморат қурдиргандим. Биринчи қаватида ошхона, иккинчи қаватида тикув цехини очишни мақсад қилгандим. Афсуски, бу иш охиригача етмади. Емай-ичмай, киймай бор топганингни қурилишга сарфлаб, ундан фойдаланмасанг, албатта, алам қиларкан.
У турмуш ўртоғидан айрилгач, ўзи туғилиб ўсган маҳалла, Ўрамасга, ота уйига қайтиб келди.
- Бир муддат қўлим ҳеч ишга бормади, - дейди қаҳрамонимиз. - Кейинчалик яна тикувчилик билан шуғуллана бошладим. Аниқроғи, аламимни тикишдан олдим. Ҳунарим борлигига шукур қилдим. Шу билан овундим.
Рисолат Ғаниева фақат кийим-кечак тикиш билан шуғулланарди. Кейинчалик у ўзини парда тикиш йўналишида ҳам синаб кўрди. Бунга бозорда парда савдоси билан шуғулланадиган бир тадбиркор аёлнинг таклифи сабаб бўлди.
- Сотувчи аёлнинг маслаҳати билан парда ҳам тикиб кўрдим ва бу менга жуда маъқул келди, - дейди у. - Даромади ҳам яхши экан. Бугунги кунда ўзим яшайдиган ҳудудда таниқли парда тикувчиларнинг бириман. Кўплаб шогирдлар тайёрладим. Асосан, ўзимга ўхшаб қийналган, ёрдамга муҳтож хотин-қизларга қўлимдан келганча шу ҳунарни ўргатишга ҳаракат қиляпман. Беминнат, бепул устозлик қиламан. Аксинча, менга ёрдами тегса, уларга хизмат ҳақини ҳам бераман.
Рисолат ҳунарининг ортидан кам бўлмади. Ота уйига яқин жойдан ўзи учун алоҳида 6 хонали уй қурдирди. Шу ҳовлидаги катта бир хонада тикувчилик цехи ташкил қилишни ният қилган.
- Ногиронлигим бўлса-да, бирор марта ёрдам сўраб маҳаллага мурожаат қилмаганман, - дея бир масалани ҳам ўртага ташлади у. - Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг чиқишларини кузатиб бораман. У кишининг, асосан, қўлидан иш келадиганларга, айниқса, ногиронлиги бўлган ҳунарманд ва тадбиркорларга ёрдам берилиши кераклиги ҳақидаги гапларини эшитиб, маҳалладан тикув машинаси сўрадим. Аммо ҳеч натижа бўлмаяпти. Мавсум пайтида буюртма жуда кўп бўлади. Ўзимнинг соғлиғим аввалгидек эмас, кучим етмайди. Коронавирус пандемияси пайтида касал бўлганимдан бери, салга чарчаб қоламан. Ёнимда 3-4 нафар шогирдим бор, мавсум вақтида улар ҳам улгуролмайди. Агар менда қўшимча тикув машиналари бўлса, яна бир неча ишсиз, эҳтиёжманд аёлни шогирдликка олиб, уларнинг бандлигини таъминлаган бўлардим. Ишлаганига яраша пул олади, ҳунар ўрганади. Менга уларнинг ҳақи керакмас. Буюртмачиларнинг ишини вақтида бажариб берсак бўлгани.
Рисолат Ғаниеванинг асосий мақсади - ёлғиз аёл боши билан қурдирган иморатида тикувчилик цехини очиш. Унинг бу мақсади йўлида маҳалла фаоллари, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари ва бошқа масъуллар эътиборлироқ бўлса яхши бўларди?!
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (сурат).