Игна билан топилган шуҳрат

Болалигимизда ҳозиргидек турли хил ўйинчоқларни кўрмаганмиз. Отам олиб берган биттагина қўғирчоғим бўларди. Уни жуда авайлаб-асрардим. Қўлимга игна-ип олишни ўрганганимдан кейин эса унга ҳар хил кийимлар тикканман.

Кўп қўғирчоқларим бўлишини хоҳлардим. Сотиб олса, отамнинг қийналиб топган пуллари беҳуда кетишини ўйлаб, ўзим ясашга ҳаракат қилардим.

Ўша пайтдаги қизиқиш орзуга, орзу эса мақсадга айланди. Улғайиб, қўғирчоқ ясаш, миллий каштачилик, тикувчилик, тўқувчилик сирларини ўрганиб, ҳунарманд бўлдим. Аввалига бу ҳунардан унчалик наф йўқдек туюлди. Аммо 2013 йилда Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлганимдан кейин турли кўргазмаларда қатнашиб, қўлда тайёрланган қўғирчоқ, кашта ва кийим-кечакларни яхшигина нархда сотиш мумкинлигини билдим. Айниқса, кейинги 5-6 йилда мамлакатимизда туризмни ривож¬лантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай кўргазмалар сони ва сифати ҳам ортиб боряпти. Бу биз каби оддий ҳунармандлар учун жуда катта имкониятдир. Сабаби, қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларнинг қадри ошди. Уларга сайёҳлар, айниқса, хорижликларнинг қизиқиши баланд.
Бу иш уйда ўтириб, фарзанд тарбияси, рўзғор юмушларидан ажралмаган ҳолда амалга ошиши билан ҳам аҳамиятлидир. Қилаётган даромадимиз ҳам йилдан-йилга ортиб боряпти. Масалан, 2020 йилда 4 мингдан ортиқ маҳсулот тайёрлаб, сотдим ва 23 миллион сўм соф фойда қилдим. 2021 йилда эса даромадим 30 миллион сўмга етди.
Пахтачи туманининг Сарой маҳалласида яшайман. Аммо шогирдларим туманнинг турли ҳудудларидан. Улар йигирма нафардан ортиқ. Ҳар бири яна ўнлаб шогирдлар тайёрлаяпти.
Кейинги йилларда юртимизда ҳунармандларнинг ҳам меҳнати қадр топяпти. Яқинда Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, “Дўстлик” ордени билан тақдирландим.
Олис ҳудудда яшайдиган ҳунармандга, оддий каштадўзга кўрсатилган бундай эътибор мени жуда хурсанд қилди ва албатта, зиммамга катта масъулият юклади. Ҳали мен ўзимни бунга лойиқ, деб билмасдим. Шунинг учун ҳам бу юксак мукофот ўзимникимас, пахтачилик ҳунарманд аёлларники, шогирдларимники, деб биламан.

Нозик Йўлдошева.