"6 ойда темирчиликни тўлиқ ўрганиб, даромад ола бошладим"
“Бундан тўрт йил аввал отам оламдан ўтди. Онам ишсиз эди. Мен эса ёш. Оилада тўрт қиздан кейин ёлғиз ўғил, кенжа фарзанд ўзимман. Шунинг учун ҳам рўзғор тебратишни зиммамга олдим. У ер-бу ерда ишлаб тўрт сўм пул топсам хурсанд бўлардим. Кўпгина қийинчиликларни бошимдан ўтказдим”.
Пахтачи тумани Фаровон Йўлдошобод маҳалласида яшовчи Отажон Алламуродов бошидан кечирганларини гапириб берди.
- Кунларнинг бирида ҳунарманд маҳалладошимиз Сиддиқ ака мени шогирдликка таклиф қилди, - дейди у. - Бу таклифни жон деб қабул қилдим. Темирдан дарвоза, эшик, сўри ва бошқа жиҳозлар тайёрлашда устозга ёрдамчи бўлдим. Бошида қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Ўрганиб кетишга кўзим етмаганди, аммо 6 ой давомида бу ҳунарни ипидан-игнасигача ўргандим. Устознинг айтишича, ҳозир яхши уста бўлиб етишибман. Келган пайтимда бир ойлик иш ҳақим 3 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, бугунги кунда ойига 10 миллион сўмгача даромад топяпман.
Отажоннинг устози Сиддиқ Ирисқулов асосан маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, ишсизлик муаммосидан қийналаётган ёшларни шогирдликка таклиф қилади. Сабаби ўзини ҳам бир пайтлар айнан шу масала қийнаган.
- Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишидаги коллежни тамомлаганман, - дейди ҳунарманд Сиддиқ Ирисқулов. - Мутахассислигим бўйича иш тополмай хорижга кетдим. Қайтиб келиб, дарвоза ясайдиган устага шогирд тушиб, шу ҳунар сирларини ўргандим. Ўтган йили маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси маслаҳати билан 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, алоҳида устахона ташкил қилдим. Бир қанча шогирдлар тайёрладим, уларнинг аксарияти кам таъминланган оила фарзандлари эди. Бугунги кунда улар бу ҳунарни ўрганиб, алоҳида устахона ташкил қилган. Айни пайтда Отажон билан бирга ишлаяпмиз. Қизиқувчи ёшлар бўлса, уларни шогирдликка олишга, билганларимизни беминнат ўргатишга тайёрмиз.
Отажон Алламуродов ҳам устози каби алоҳида устахона очиб, шогирдлар тайёрлашни режалаштирган. Шунингдек, замонавий ускуналар сотиб олиб, металлга ишлов беришнинг мураккаб жараёнларини ҳам амалга оширишни, яқин атрофда фаолият олиб бораётган ҳунармандларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беришни мақсад қилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Эъзоза МЕЙЛИЕВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео).