Самарқанд ҳунармандчилик дурдоналари Қўқонда намойиш этилади
“Ҳунармандлар” марказида жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига бағишланган “Самарқанд ҳунармандлари” кўргазмаси ўтказилди.
Кўргазмада 50 нафардан ортиқ ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Ҳар бир ҳунарманднинг ижод маҳсулини кузатар эканмиз, аввало унинг ясаган маҳсулоти санъат даражасида эканлиги, ўзига хос йўналишларда ёндашилганлиги, ота-боболаримиздан бизга мерос касбларни янги кўринишда намойиш этаётганлиги билан эътиборимизни тортди.
- Зардўзчилик билан ёшлигимдан шуғулланиб келаман, - дейди Зулхумор Зохидова. – Анъаналарни ривожлантирган ҳолда янги-янги маҳсулотларни яратишга, ҳунаримизни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Маҳсулотларимизга рассом, ўймакор ишини ҳам муштарак этиб, турли рангларни уйғунлаштириб безак бераяпмиз. Европа давлатларида бўлганимизда уларнинг зардўзлик санъатига бўлган эътибори бизларни руҳлантириб юборди.
Республика “Ҳунармандлар” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимовнинг айтишича, мазкур кўргазмада иштирок этган ҳунармандларнинг маҳсулотлари илк бор ўтказилаётган ҳунармандчилик фестивалига саралаб олинади, хато ва камчиликлари ёзасидан тегишли тавсиялар берилади.