“Бугун цензура йўқ, лекин кекса авлод эркин фикрлашдан қўрқади, ёшларда эса жасорат етишмайди”

Журналистик фаолияти Самарқанддаги «Ленин йўли» (Ҳозирги “Зарафшон”) газетасида мусаҳҳиҳликдан бошланиб, кейинчалик эса нуфузли нашрлар – «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари бош муҳаррири даражасигача етган Аҳмаджон Мухторов (А.Ғуломзода) республика журналистикасида ўзига хос мактаб яратган таниқли ва машҳур шахслардан эди.

Унинг мақолалари асосан ижтимоий-сиёсий мазмунда бўлиб, оддий халқнинг муаммолари, ташвиши билан, уларнинг дарду ғами билан яшарди. Афсуски, разолат адолатни, жаҳолат хирадни, равшан фикрлик эса кўрдилликни енгиб, у касбидан четлатилди.

Илк учрашув

1970 йил. Мен жавонмардлик қарзимни адо этганимдан сўнг туғилиб ўсган юртимга қайтдим. Ташрифчилар орасида тоза кийимда нуроний бир муйсафид ҳам бор эди. Танимадим. Отам менинг қарашимдан тушуниб, у шахс шаҳардан қишлоққа келган адабиётшунос ва таржимон Ҳасан Ирфон эканини айтди. У қизининг — Зебо Аюбованинг ҳовлисидан жой олган экан. Мен адабиётга қизиққаним учун тезда танишиб олдик.

Муяссар киши кўзи ожиз эди ва асо ҳамда шогирд ёрдамига муҳтож эди. Тақдирдан миннатдорманки, у кишининг котиби бўлиб, Горькийнинг уч қисмли асарини таржима қилишда иштирок этдим ва бу касб сирларини озми-кўпми ўргандим. Энг муҳими, уста Ҳасан Ирфон билан таниш бўлган Самарқанднинг кўплаб машҳур инсонлари билан яқиндан танишдим.

Вадуд Маҳмуд, Тамҳид, Раҳим Ҳошим, Абдулҳамид Пўлодий ва бошқа зиёлилар билан учрашувлар хотирамда мустаҳкам қолган. Жума кунлари устознинг заифлиги ва ожизлигига қарамай, биргаликда уларникига бориб, суҳбат ва хотираларидан баҳраманд бўлардик.

– Болам, эртага дам олиш куни, – дедилар бир куни Ҳасан Ирфон. - Икковимиз «Ленин йўли» идорасига бориб, «Араб қизи» асарини Аҳмаджон Мухторовга топширамиз. У биринчи бўлиб менинг қайнотам Саидризо Ализода ҳақида мақола ёзган. Саидризо Ализода «Шўълаи инқилоб» журнали ва «Овози тожик» газетасининг асосчиларидан бўлган ҳамда сенинг бобо ва момонг учун «Алифбо» ёзган эди. Аҳмаджон қалам соҳибларини қадрлайди.

Биз газета идорасига бориб, котибага ниятимизни айтганимизда, Мухторов очиқ чеҳра билан кабинетидан чиқиб, устоз Ҳасан Ирфонни самимий бағрига босди ва аҳвол сўради. Сўнг хонасига таклиф қилди. Котиба чой дамлаб келди, суҳбат қизиди.

– Ҳасан оғо, – деди Аҳмаджон Мухторов хайрлашар экан, – бундан кейин идорага келиб, овора бўлманг. Бу шогирдингиз менимча хизматга тайёр.

– Э, Зоҳиршоҳни бизга Худо юборди, – деди устоз табассум билан, – кўз нури, дил қуввати – шу, собиқ аскар.

– Яхши, жуда яхши, – деб у бизни эшиккача кузатди ва хайрлашар чоғида менга қараб деди:

– Сиз учун эшигимиз доим очиқ!

А.Мухторовнинг пойтахтда етти йил ўтказилган даври менга маълум эмас. Мен у пайтда унинг ёнида бўлмаганман. Ўзбек журналистикаси тарихидаги биринчи ва ягона иш ташлаш билан боғлиқ воқеаларнинг гувоҳи ҳам эмасман. Ўшанда бир неча кун давомида республика учун энг муҳим бўлган икки газета умуман чоп этилмаган. Бу воқеалар менга тўлиқ маълум эмас, шунинг учун улар ҳақида тўхтаб ўтмайман.

Фақат шуни айтаманки, А.Мухторов пойтахтдан туғилган юртига қайтгач, “хонанишин” бўлди. Кўпчилик унинг эшигидан юз ўгирди. Энди ҳатто ўзининг ҳамкасблари йиғилиш ва анжуманларини ҳам унинг иштирокисиз ўтказар эдилар. У ёлғиз эди.

Суҳбатлар, савол-жавоблар

Шундай кунлардан бирида мен вилоят телевидение ва радиокомпаниясида мухбир бўлиб ишлаётган пайтим — Лолазор маҳалласига, уни зиёрат қилиш ва мусоҳаба тайёрлаш учун бордим. Бу хабардан у ҳайратда қолди ва ишонмай сўради:

– Сизни ким юборди?

– Телерадиокомпания раиси Миршариф Хўжаев, – дедим, – шогирдингиз...

Хурсандчиликдан кўзларида ёш ҳалқаланди, танаси изтиробга тўлди. Фикрга толиб, бир нуқтага қараб қолди, қўлини кенг пешонасига қўйиб, оқ-қора аралаш сочларини силади. Шу дамда мен унинг китоб жавонини томоша қилиб турдим. Шу пайтда турмуш ўртоғи чой ва ширинлик билан хонага кирди.

– Тавба, қуёш қаердан чиқди бугун? – ногаҳон кулиб юборди уй эгаси, – Бибижони, сиз гувоҳсиз, ниҳоят баъзи одамлар шарафига келганмиз, мана бу шогирд суҳбат учун келди.

– Эҳ, мен сизга ҳаммаси яхши бўлади дегандим-ку, – деди турмуш ўртоғи менга пиёлага чой қуйиб.

Бизнинг суҳбатимиз устоз Аҳмаджон Мухторов билан анча чўзилди. Унинг нигоҳлари ўткир ва синовчан эди. Сўзлари ва ҳаракатларидан чарчоқ, ишонмаслик ва шубҳа сезиларди. Ҳаяжонли, аммо мулоҳаза билан, доналаб гапирарди.

Ҳозиргача эслайман, ундан сўраганман:

– Журналист ким ва унинг вазифаси нима?

– Ҳақиқий журналист жасур, ростгўй ва яратувчи бўлиши керак, вайрон қилувчи эмас. Шахсий манфаат учун маддоҳлик қилиш – қалам соҳибининг иллати. Ажабланарлиси, бугун цензура йўқ, лекин кекса авлод эркин фикрлашдан қўрқади, ёшларда эса жасорат етишмайди.

– Устоз, кечирасиз, эшитдик, сизни сиёсий ўйинларга тортиб, танқид ва таҳқирлар билан руҳий озор беришган. Энг аламлиси қайси эди ва нега ҳозир “хонанишин”сиз?

– Рост – раст! – яхши мақол. Абдураҳмони Жомийнинг насиҳати менинг шиорим бўлган ва бўлиб қолади:

Рост изла, рост қара, рост танла,

Рост гапир, рост эшит, рост ўтир!

– Иш фаолиятингиз давомида қайси газеталар Сизга азиз?

– «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари менинг ташаббусим билан ташкил қилинган, мен у ерда бош муҳаррир бўлганман. Беш йил «Қишлоқ ҳақиқати»да қалам тебратдим. Доимо рус тилидаги матбуотни ва «Овози тоҷик»ни кузатаман ва яхши кўраман. Лекин ростини айтсам, «Ленин йўли» (“Зарафшон”) газетаси – у ерда мусаҳҳиҳликдан муҳаррирликкача етиб келганман – жоним ва дилимдир. Ишонинг, уни қўлимга олган ҳар соатда юрагим шиддат билан уради.

– Кимдир ёзган экан: “Мен ўнта журналистдан ўнта вазир ярата оламан, лекин ўнта вазирдан битта журналист яратиш – бу мушкул.”

– Тўғри ва ҳақ. Бу ҳақиқатни ҳаётда кўрганман.

– Қаламингиз кимнидир йиғлатганми?

– Ҳасан Ирфоннинг шогирди, қандай қизиқ саволлар берасан, – деди мусоҳибам кулиб, сўнг давом этди: – маърифатпарвар Саидризо Ализода ҳақида мақола ёзган пайтим ўзим йиғлаганман. Кейин айрим одамлар менинг ёзганим жуда таъсирли бўлганини айтган.

Мавзу топиш ва сўзни сўзга улаш – оғир иш. Албатта, ижодкор жамият муаммоларига бефарқ бўлмаслиги керак. Эркин қалам тебратиб, ўз йўлини топиши шарт.

Ёшлик чоғида умрининг риштаси узилиши яна бир бор шуни тасдиқлайдики, «ўлим ваъда бермайди, ўлим ёлғон сўзламайди ва унинг ногаҳон келиши ҳақиқатдир».

- Хотира ва қадрлаш куни арафасида устоз Аҳмаджон Мухторов ҳақида ёднома ёзганингиз савоб иш бўлди, – деди «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг ҳозирги бош муҳаррири Ўткир Раҳмат. - У киши вафот этганидан кейин Ўзбекистон матбуотида ҳатто таъзиянома ҳам чоп этилмади. Ўша пайтлар мен «Қишлоқ ҳаёти» газетасида фаолият олиб борардим. Таҳририят жамоаси билан маслаҳатлашиб, таъзиянома ёздик. Чунки у ҳақиқат қурбони бўлган эди. Ҳозир ҳам ҳар гал ишга келиб, унинг ўрнидаги курсисида ўтирсам, яхши хотиралари ёдимга тушади.

- Шахсан менга ҳаётга йўлномани Аҳмаджон Ғуломович берганлар, — дейди вилоят «Зарафшон» ва «Самарқандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев. - Биз, шогирдлар, ҳали-ҳануз устозимиз ҳаётдан бунчалик эрта, айтайлик, “парвоз пайтида” кетганидан дард ва афсус туямиз. У киши бош муҳаррир бўлган йилларда таҳририятда ҳаёт жонланиб кетганди. Биз баҳслашардик, исбот қилардик, маслаҳатлашардик, шунинг учун ҳам мақолаларимиз ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотарди. Бизнинг Аҳмаджон акага бўлган ҳурматимиз беқиёс эди, чунки у киши журналистикада ютуққа эришиш учун кўп қийинчиликларни бошидан кечирганди. У касбий фаолиятнинг барча босқичларидан ўтган. У киши ўткир ҳазил ҳиссига эга бўлиб, ҳаммани дарҳол ўзига ром этарди. Нима ёзмайлик, ҳар доим унинг фикрини кутиб турардик. У бизга эркин фикрлашни ва рост ёзишни ўргатган эди.

– Устоз Аҳмаджон Мухторов, муболағасиз, туғма журналист эдилар, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист  Нусрат Раҳмат. – Баъзан шундай кунлар бўлардики, бирор воқеа ё ижодий сафардан кейин дафтарларига назар ташлаб, матн терувчига тўғридан-тўғри мақолани айтиб турар ва бу мақолани эртасига газетанинг саҳифасидан ўқир эдик. Бу у кишининг юксак маҳоратидан дарак берарди.

Зоҳир Ҳасанзода,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.