Урфми ёки тақлид?
“Сўз кўрки мақол, юз кўрки соқол” - бу пурмаъно ҳикматни ҳамма яхши билади. Аммо мақол ҳам, соқол ҳам ўрнида бўлгандагина гурунгни, қиёфани безайди. Ўринсиз мақол даврани совитади, ёшга ярашмаган соқол бачкана кўринади.
Атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “пуконидан ел ўтмаган” айрим йигитчаларнинг соқол-мўйлов қўйгани нимаси? Янгича урфми ёки ўзини “замонавий” кўрсатмоқчи бўлган, тарбияси тоб ташлаган кимсаларга тақлидми?
Ҳар миллатнинг ўзига хос, ёзилган-ёзилмаган, кимлигидан қатъи назар, ҳамма риоя этиши шарт бўлган қонунлари бор. Муомала маданияти, ахлоқ-одоб, кийиниш, уйда, тўйда, кўча-кўйда, хуллас, жамоат орасида ўзини тутиш таомиллари шулар жумласидандир.
... Клиникада тиббий кўрикдан ўтиш учун навбат кутиб ўтирибмиз. Ёши йигирмадан нари-бери бир йигитча кириб келди. На салом, на алик бор. Башарасини қора соқол-мўйлов қоплаган, бўйнида тилла занжир, бармоқларида узук, қора кўзойнакни пешонасига кўтариб қўйган, эгнида кўкрагида ваҳшиёна аралаш жанг лавҳаси акс этган майка, тиззага етар-етмас “шортик”. Навбат кутиб ўтирган ёшу кексалар унга ажабланиб қарашди: “Бу нусха ким бўлди?”. Хуллас, унинг кўриниши ҳам, кийиниши, ўзини тутиши ҳам ўта хунук эди.
Афсуски, кейинги пайтларда кўча-кўйда, бозор-ўчар жамоат жойларида бундай “маданият” намояндаларига ҳар куни кўзимиз тушяпти. Бу нима, тўқликка шўхликми ёки миллий урф-одатларимиз, маънавий қадриятларимиз, ўзбекона маданиятимизга ҳурматсизликми?
Бундай ҳолатларда ўша калтафаҳм йигитчаларни айблаш нотўғри. Фарзанд тарбияси тамал тоши оилада қўйилади, сўнгра боғча, мактаб, жамият фаолиятида такомиллашади. Шундай экан, аввало, ота-оналар фарзандларининг яхши тарбия топиши учун улар онгига ахлоқ-одоб, кийиниш, ўзини тутиш маданиятини сингдириб, назорат қилиб бориши лозим.
Тоғаймурод Шомуродов.