Ургутда биринчи талабалар тураржойи очилди

Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг 400 ўринли талабалар тураржойи фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрлаш мақсадида 2022 йилда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил этилганди.

Филиал учун туманнинг Вағашти маҳалласидаги собиқ касб-ҳунар коллежи биноси ажратилиб, талабаларнинг қулай шароитда билим олиши учун бино мукаммал таъмирланиб, жиҳозланди. Лекин шу пайтгача филиал талабалари учун тураржой масаласи муаммо эди. Энди эса университет ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бунёд этилган талабалар тураржойи мавжуд.

Бинонинг очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори Р.Хомуродов, Ургут тумани ҳокимлиги масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Муассасамизда ҳозирда икки факультетда 13 таълим йўналиши бўйича 1435 нафар талаба таҳсил олмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети Ургут филиали директори Қувондиқ Ярашев. – Бу йил мактабгача таълим йўналишини 48 нафар илк битирувчиларимиз тамомлайди. Талабаларимизнинг 30 фоизи ургутликлар бўлса, қолгани юртимизнинг турли ҳудудларидан келиб ўқийди. Шу пайтгача талабалар тураржойи йўқлиги энг катта муаммоларимиздан бири эди. Давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринли бино қурилгач, бу муаммо ечим топди. Бинода меҳмонхонадаги каби шароит яратилган ва бу талабаларимиз учун катта имконият бўлди. Келгуси йилда яна 400 ўринли шундай талабалар тураржойи ва 1200 ўринли ўқув биноси қуриш режалаштирилган. Бу бинолар қурилса, замонавий талабларга эга кампусга эга бўламиз.

Талабалар тураржойи “Самарқанд қурилиш материаллари комбинати” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилди. Қурилиш ва жиҳозлаш ишларига 27 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Беш қаватли бинода талабалар учун барча қулайликлар яратилган, кутубхона, ҳар бир қаватда ошхона ва кир ювиш хоналари мавжуд.

– Мен Сурхондарёданман, – дейди Феруза Низомова. – Филиал ташкил этилган йили ўқишга қабул қилинганман. Уч йилдан буён аҳоли хонадонларида ижарада турардик. Мана энди ўқув биномиз ёнгинасида шундай кўркам талабалар тураржойи қуриб берилди. Ётоқхонада биз учун барча зарур шароит яратилган. Бундан хурсандмиз.