Ургутда ирсий касалликларни аниқлайдиган лаборатория ташкил этилди
Болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ургут туман инновацион ҳудудида "Ирсий касалликларни эрта аниқлаш учун "молекеуляр генетикага" асосланган замонавий инновацион лаборатория ташкил этиш мақсадида стартап лойиҳа тасдиқдан ўтди.
Ҳозирда туман тиббиёт бирлашмасида молекуляр генетик лабораторияси учун 4 та хона ажратиб берилди. Юқори технологик диагностика тиббиёт ускуналари, бутловчи буюмлар, реагентлар ва зарур материаллар келтириб, ўрнатилди.
Ирсий касалликларни тасдиқлаш учун болаларни оммавий текшириш, шунингдек, беморларни дори воситалари орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш ва текшириш амалга оширилади. Шунингдек, ҳомиланинг эрта босқичларида хавф гуруҳини аниқлаш учун ҳомиладорликнинг эрта муддатларида аёллар қони таҳлили босқичма-босқич биокимёвий текширувдан ўтказилади. Шу билан бирга 3 минг нафардан ортиқ аёлларни ҳомиладорликнинг босқичларида биокимёвий скринингдан ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда дунёда ҳар 100 боладан 5-6 нафари генетик жиҳатдан аниқланган касаллик билан туғилади. Бу нуқсонлар боланинг интеллектуал ривожланишидаги бузилишлар билан ўтади. Уларнинг 5-6 фоизи биринчи марта пайдо бўлган ёки ота-онадан биридан ўтган ирсий касалликлар эканлиги аниқланган.
Алишер Норбоев,
Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ургут инновацион ҳудуди бўйича масъули.