Ургутлик фуқаро нега 23,5 минг доллар тўлади?

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг қарори билан фуқаро А.У.дан ундирувчи Б.А.нинг икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган. Бироқ фуқаро А.У. анча вақтдан буён бери алимент тўловларини тўламасдан келган.

Ҳозирги шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида бюронинг Ургут тумани бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, қарздор А.У. билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш ҳар бир отанинг бурчи эканлиги ётиғи билан тушунтирилди.

Тадбирда ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор шу куни фарзандлари таъминоти учун уларни вояга етгунига қадар ҳисоблаб, 246 миллион 750 минг сўм (23,5 минг доллар) тўлади.

Мажбурий ижро бюроси Ургут тумани бўлими.