Усмонийлар империяси тарихи суратларда қандай акс эттирилган?
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Самарқанд вилоят бадиий ижодкорлар уюшмасида "Усмонийлар империясида дипломатия ва меҳмондорчилик" мавзусида фотокўргазма очилди.
Самарқанддаги Туркия Бош консуллиги ҳамда вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган кўргазманинг очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят жамоатчилиги вакиллари, бадиий санъат ихлосмандлари ҳамда Самарқандда яшаб турган Туркия фуқаролари иштирок этди.
- Ушбу кўргазма Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилди, - дейди Самарқанддаги Туркия Бош консули Салиҳ Жанер. - Фотокўргазмага қўйилган тарихий суратларда Усмонийлар империяси ташкил топганидан ХIХ асргача бўлган дипломатик расм-русум, сиёсий фаолият акс этган. Франция, Швеция-Норвегия, Япония, Германия, Эрон ҳукмдорлари, сулола аъзоларининг Истанбулга ташрифлари тафсилоти ёзма ва кўргазмали ҳужжатлар ёрдамида баён этилган.
Кўргазма каталогини Усмонийлар дипломатияси тўғрисидаги манбаларни жаҳон меросига ҳадя этиш ва замонавий Туркия дипломатияси анъаналарини ёритиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга ижод маҳсули, дейиш мумкин. Чунки кўргазмада Усмонли империяси ўзидан олдинги Турк-Ислом давлатларидаги мавжуд дипломатик расм-русумни давом эттирган ҳолда, мамлакатлар билан муносабат ўрнатиш жараёнида баъзи янгиликлар жорий қилиб, ўзига хос дипломатия яратгани ҳақида ҳам сўзлайди. Масалан, ХIХ асрда Истанбулга турли мамлакатлардан хорижий сулола вакиллари, давлат арбоблари ташриф буюрган.