Усмонийлардан мерос қолган саҳарлик ва ифторлик

Туркияда Рамазон ойига хос ажойиб урф-одатлар мавжуд. Истанбулнинг тарихий гумбазларидан тортиб Онадўли маҳаллаларигача ёйилган ифтор дастурхонлари, саҳарликда янграйдиган довул садолари ва асрлар давомида шаклланган урф-одатлар бу даврга ўзгача файз бағишлайди.

Ифторлик ва саҳарлик анъаналари

Туркияда Рамазон кунлари ифтор вақти яқинлашгани сайин шаҳарлар янада жонланади. Нонвойхоналар олдида Рамазон пидеси (анъанавий равишда Рамазон ойида тайёрланадиган туркча нон) учун тизилган навбатлар шунчаки нон кутиш эмас, балки маҳалла аҳли учун дийдор ва самимий суҳбат онига айланади. Қайноқ пиденинг иси ифтор вақти яқинлашганининг яққол белгиларидан биридир.

Азон янграши билан кўчалар аста-секин бўшаб, шаҳар сокинлашади. Одамлар рўзаларини очиш учун дастурхон атрофида жам бўлишади. Ифторлик дастурхонлари бирдамлик ва баҳам кўришнинг рамзи ҳисобланади. Шу боис бу анъана “Ифтор ва рўза очиш анъаналари” номи билан ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.

Рамазон довулчилари

Саҳарлик вақтининг энг рамзий тимсолларидан бири, шубҳасиз, Рамазон довулчиларидир. Технология ва соат ҳали ҳаётимизга кириб келмаган замонлардан мерос қолган бу анъана бугун ҳам кўплаб маҳаллаларда давом этмоқда. Тун қоронғусида кўчама-кўча кезган довулчилар довул чалиб, маҳалла аҳлини саҳарликка уйғотади. Улар айтган қўшиқлар баъзан ҳазиломуз, баъзан эса ўйга толдирувчи мазмуни билан гўё маданий хотиранинг кўчаларда янграган садоларидек жаранглайди.

Осмондаги ёзувлар: маҳялар

Рамазон кириб келиши билан Туркиянинг, айниқса Истанбулнинг шаҳар манзараси ўзгача қиёфа касб этади. Масжидларнинг икки минораси орасига чироқлар (авваллари қандиллар, ҳозир электр лампалар) ёрдамида осиладиган ёруғ ёзувлар “маҳя” деб аталади. Усмонийлар давридан мерос бўлиб қолган бу ноёб санъат ҳануз яшаб келмоқда. Рамазон бошида “Хуш келибсан!”, ой ўрталарида “Яхшилик вақти келди”, якунида эса “Хайр, Рамазон!” каби ёзувлар миноралар орасида порлаб, шаҳар осмонини нурга буркайди.

“Зимем дафтари” ва “Тиш ҳақи”

Усмонийлар давридан қолган Рамазон маданиятида саховат ва ҳамжиҳатлик руҳини ифодаловчи анъаналар мавжуд. Зимем дафтари шулардан биридир. Бадавлат кишилар маҳалла баққолига бориб, қарз дафтарининг тасодифий саҳифаларидаги қарзларни тўлаб, ҳисобни ёпиб қўйишарди. Бу жараёнда қарздор ҳам ким ёрдам берганини билмас, қарзни тўлаган киши ҳам кимга ёрдам қилганидан бехабар қоларди.

Рамазон билан боғлиқ яна бир нафис анъана — “тиш ҳақи”. Илгари ифторга таклиф қилинган меҳмонларга уй эгалари “овора бўлиб келдингиз, таом тановул қилиб тишларингиз чарчади” дея миннатдорлик белгиси сифатида ҳадия ёки пул тақдим этишган. Бу эса меҳмонни эъзозлаш ва меҳмондўстликнинг нозик ифодаси саналган.

Рамазон муҳитини ҳис қилиш мумкин бўлган шаҳарлар

Туркияда Рамазон ҳар бир шаҳарда ўзгача шукуҳ билан нишонланади. Баъзи жойларда тарихий майдонлар гавжумлашса, бошқа ҳудудларда маҳалла кўчаларида ифтор дастурхонлари ёзилади. Рамазон муҳитини турли манзараларда ҳис қилиш мумкин бўлган шаҳарлар орасида, шубҳасиз, Истанбул алоҳида ўрин тутади. Айниқса, тарихий яриморол ҳудудида кечки пайтлар ўзгача муҳит ҳукм суради. Султон Аҳмад масжиди атрофи ифтор яқинлашгани сайин одамлар билан тўлиб тошади, оилалар майсазорларга ёзилган дастурхонлар атрофида азон садоларини кутиб ўтиришади. Қуёш ботиб, осмон қизғиш рангга бурканган паллада миноралар орасида порлаган маҳялар шаҳар манзарасига нафис кўрк бағишлайди.

Онадўлининг юрагида жойлашган Коня Рамазон ойида сакинат ва маънавият масканига айланади. Мавлоно Жалолиддин Румий таълимотидаги бағрикенглик руҳи уфуриб турадиган бу шаҳарда ифтор вақти яқинлашгани сайин Мавлоно майдони рўзадорлар билан гавжумлашади. Шаҳар нонвойхоналаридан янги пишган гўштли ноннинг ҳиди кўчаларга таралар, ифтордан сўнг эса Селимие ёки Капу масжидларидан янграган таровиҳ садолари тун бағрига сингиб кетади.

Усмонийлар давлатининг илк пойтахтларидан бири бўлган Бурса Рамазон анъаналари чуқур илдиз отган шаҳарлар қаторида алоҳида ажралиб туради. Шаҳар тимсолига айланган Улу жоме масжиди ва унинг атрофи бу ой давомида куннинг деярли ҳар бир лаҳзасида гавжум бўлади. Ифтордан сўнг бошланадиган Ҳоживат ва Карагўз сояли театр томошалари эса Усмонийлар давридан мерос бўлиб қолган кўнгилочар маданиятнинг ёрқин намунаси сифатида ҳануз кўчаларда ва маданият марказларида намойиш этилмоқда.

Жануби-Шарқий Онадўлининг қадимий шаҳарларидан бири — Шонлиурфа Рамазонни ўзига хос илиқ муҳит ва тупроғининг баракаси билан қарши олади. Шаҳар ҳаёти, айниқса Баликлигўл атрофида қайнайди. Ифтор вақтида кўл бўйидаги яшил майдонларда ер дастурхонлари ёзилиб, чиғ кўфталар (хом катлетлар) пиширилади ва юзлаб инсонлар бир пайтда рўзаларини очади. Бу шаҳарда жигар кабоби нафақат кечки, балки саҳарликда ҳам севиб истеъмол қилинадиган машҳур таом ҳисобланади.

Рамазонга хос лаззатлар харитаси

Туркияда Рамазон дастурхонлари алоҳида таомлар билан безатилади. Газиантепда ифторлик ва байрам дастурхонларининг бош таоми — ювалама. Гуруч, гўшт ва нўхатнинг қатиқ билан уйғунлашувидан тайёрланадиган бу таом бараканинг рамзи саналади.

Малатяда эса гилос баргларига ўралган гилос барги сармаси ифтор дастурхонларининг энг севимли таомларидан биридир.

Ширинликлар орасида Мерсиннинг керебичи, Газиантепнинг Рамазон каҳкеси, Эрзурумнинг кадайиф долмаси, Бурсанинг таҳинли пидеси алоҳида ўрин тутади.

Рамазон дейилганида эса энг машҳур ширинлик — Усмонийлар сарой ошхонасидан мерос гуллеч ёдга тушади. Маккажўхори крахмалидан тайёрланган юпқа қатламалар сут ва гул суви билан уйғунлашиб, Рамазон дастурхонларининг энг енгил ва нафис ширинлигига айланади.

Байрам қувончи

Бир ойлик сабр, ибодат ва маънавий покланишдан сўнг кириб келадиган Рамазон ҳайити жамиятдаги меҳр-оқибат ва бағрикенгликнинг яна бир бор намоён бўлишидир. Ҳайит тонгида одамлар эрта туриб, энг озода либосларини кияди ва масжидлар ибодат қилувчилар билан тўлиб кетади.

Анъанага кўра, кичиклар катталарнинг қўлини ўпиб ҳурмат бажо келтиради, катталар эса уларга ҳайитлик улашади. Уйма-уй юриб байрам билан табриклаб, ширинлик йиғаётган болаларнинг қувончи кўчаларга алоҳида файз бағишлайди.