“Устозлар Миллий форуми”да фаол ўқитувчи ва мураббийлар тақдирланди
Аввал хабар берганимиздек, бугун Самарқанд шаҳрида учинчи “Устозлар Миллий форуми” бўлиб ўтди.
Форумда яхши натижаларга эришган мактаб директорлари, ўқувчиси маҳаллий ёки халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқитувчилар ва соҳа фидойилари тақдирланди.
- Мен 33 йилдан бери биология, кимё фанидан дарс бериб келаман, - деди Каттақўрғон тумани 15-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали ўқитувчиси Дилфуза Низомова. – Ҳар йили туман, вилоят республика фан олимпиадаларида ўқувчиларим иштирок этади. Бир нарсага хурсандман, ҳар йили ўқувчиларимнинг ютуқлари ортидан мақтов ёрлиқлар олиб келаман. 2023-2024 ўқув йилида ўқувчим Камолиддин Озодов биология фанидан 10-синфлар ўртасида ўтказилган фан олимпиадасида вилоятда биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, у халқаро олимпиадаларнинг саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этди ҳамда халқаро ибн Сино олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлди.
Ўтган ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 14 нафари табиий фан йўналишларда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 6 нафари тиббиёт олийгоҳларига ўқишга кирди. Мен бундан жуда хурсандман. Меҳнатларим давлатимиз томонидан эътироф этилиб келиняпти. Масалан, 2021 йилда менга ҳукуматимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени берилди.
- Мен доирачилар тўгарагида 19 йилдан бери дарс бераман, унда олтмишга яқин болалар ўқияпти, - деди Самарқанд вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак раҳбари Жамол Ибрагимов. – Ўқувчиларим кўрик-танловларда, фестивалларда қатнашиб, фахрли ўринларни олиб келмоқда. Айни пайтда шаҳримизда бўлиши кутилаётган “Шарқ тароналари” фестивали ва мустақиллик байрамларига тайёргарлик кўряпмиз. Камтарона меҳнатим бугунги форумда эътироф этилди, бундан жуда хурсанд бўлдим.
Шунингдек, форумда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2024” кўрик-танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган Каттақўрғон шаҳридаги 8-МТТ тарбиячиси Зулфия Хидирова, танловнинг 3-ўрин соҳибаси 19-МТТ тарбиячиси Назира Очиловаларга пул мукофоти ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Каттақўрғон шаҳридаги энг намунали тарбиячи” гувоҳномаси тақдим этилди. Ушбу педагоглар олий таълимга суҳбат асосида ўқишга кириш имтиёзига ҳам эга бўлишди.