Уй-жой коммунал хизматдаги муаммоларни жамоатчилик назоратисиз бартараф этиб бўлмайди
Вилоятда жорий йилда 591 та кўп қаватли уйлар таъмирланди, 218 та болалар майдончалари бунёд этилди, 101,8 минг квадрат метр йўлаклар бетон билан қопланди ва 74 та янги лифтлар ўрнатилди.
Бу ҳақда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.
Вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган режа асосида ташкил этилган навбатдаги анжуманда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси масъул ходимлари, “Сувоқава”, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхоналари ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Рустам Сатторов 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва қийнаб келаётган муаммолар хусусида атрофлича сўз юритди.
- Бошқарма томонидан 1789 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатилади, - дейди Р.Сатторов. – Бу уйлардан 1535 таси 1991 йилгача, 254 таси эса яқин 30 йил ичида қурилган. Бизни қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан бунёд этилган янги уйлар билан боғлиқ. Ўз ишининг устаси бўлмаган, айрим масъулиятсиз қурувчилар томонидан барпо этилаётган уй-жойларда ишлар чала қолиб кетиши, қуриб битказилган кўп қаватли уйлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бириктирилмай қолиб кетаётгани кўплаб муаммоларни туғдирмоқда. Бу каби камчиликларни жамоатчилик назоратини кучайтирмасдан бартараф этиш қийин. Ҳар бир янги кўп қаватли уй қурилиб фойдаланишга топширилаётганда, шу уйларга кўчиб ўтаётган ҳар бир киши масъулиятли, ўз ҳуқуқини талаб қила оладиган бўлиши керак. Қўни-қўшнилар билан маслаҳатлашиб ёки янги уй-жой мулкдорлари ширкати тузиши, мавжуд ширкатлардан бирига бириктирилиши лозим.
Тадбир давомида соҳадаги ҳар бир йўналиш бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.