“Уйчи” тажрибаси фақат кредит бериш(ми?)

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш мақсадида “Сайхунобод”, “Ғиждувон”, “Уйчи”, “Зарбдор” тажрибалари қўлланилмоқда. Масалан, “Уйчи” тажрибасида тадбиркорлар ва бизнес билан шуғулланиш истагидаги аҳоли билан манзилли ишлаш тизими асосида туман ҳокимлари тадбиркорлар билан, банклар эса мижозлари билан мунтазам учрашиб, уларга бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиши белгиланган. Бунда туман ҳокимлиги инфратузилма, тижорат банклари эса молиявий кўмак билан шуғулланади.

Самарқанд туманидаги 77 та маҳаллада қарийб 260 минг аҳоли истиқомат қилади. Қулай жойлашув ва имкониятдан келиб чиқиб, туманда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар йил сайин ортиб бормоқда.

-  “Уйчи” тажрибаси асосида туманимиздаги 5 та маҳалладаги оилалар даромадини 50-60 миллион сўмга етказиш ва янги иш ўринлари яратиш учун Халқ банки туман бўлимига бириктирилган, - дейди банк бош мутахассиси Дилшод Болқиев. – Бу маҳаллалардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини  кенгайтириш ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида юридик мижозлар билан учрашдик ва маҳаллалардаги ишсизларни иш билан таъминлаяпмиз. Йилнинг ўтган 4 ойида 5 та маҳаллага 1 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ёшларга 100 миллион сўмгача кредит ажратилди ва улар 5-10 тагача иш ўрни яратди. Шу каби 8 та корхонага кредит ажратилиши натижасида 40 та иш ўрни яратилди.

Масалан, “Висола 2002” оилавий корхонаси ярим тайёр хамир ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхонага айланма маблағни шакллантириш учун 100 миллион сўм кредит ажратилди ва 10 та иш ўрни яратилди. Савдо фаолияти билан шуғулланувчи 3 та якка тартибдаги тадбиркорга кредит ажратилди ва музлаткич олиб фаолиятини давом эттирмоқда.

Юқорида айтганимдек, “Висола 2002” оилавий корхонаси ўз уйида 2 сотих майдонда 30 та ишчи билан маҳсулот тайёрларди. Ҳозир улар бошқа фуқародан ер сотиб олиб, фаолиятини кенгайтирмоқда. Шунингдек, “Фортуна-меркурий” новвойчилик корхонасига ҳам 100 миллион сўм кредит ажратилди. Умуман, 4 ойда янги ташкил этилган 6 та якка тартибдаги тадбиркорга 50-100 миллион сўмдан аёлларга 24, эркакларга 25 фоиз ҳамда кам таъминланган ва ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга 17,5 фоиздан (оддий кредит фоизи ўртача 27 фоиз) кредит маблағлари ажратилди.

Масъулнинг маълумотларидан сўнг бироз мулоҳаза қилиб кўрсак. Тижорат банкларининг асосий вазифаси кредит бериш ва бу орқали даромадга эришиш. Лекин банк ходимининг фикрлари, яъни 50-100 миллион сўмгача кредит ажратилганини инобатга оладиган бўлсак, 4 ойда 10-20 тагача фуқаро билан ишлаган бўлиб қолмаяптими? Юқорида айтилган корхона фаолиятни кенгайтириш учун бошқа фуқародан ер сотиб олганини ҳисобга олсак, ҳокимлик учун тажрибада назарда тутилган инфратузилма масаласи қоғозда қолаётганга ўхшайди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.