Уйда ҳашамат муҳимми ёки қулайлик?

Ҳар бир инсон учун уй - бу шунчаки тўрт девор эмас. Уй инсоннинг руҳий оромгоҳи, ҳаётининг маркази. Бу ерда эркин нафас олади, оиласи билан бирга вақт ўтказади, дам олади, кундалик ҳаёт ташвишларидан узоқлашади. Шунинг учун, биринчи навбатда, уй инсон ҳаётини енгил ва самарали қилишга ёрдам бериши керак.

Ҳашамат эса асосан, уйнинг ташқи кўриниши, материалларининг қийматлилиги, интерьер безаклари ва мебелларига боғлиқ жиҳатларидир. Албатта, ҳашамат уйга ўзгача жозиба бағишлайди, бироқ ҳашамат ҳар доим қулайликни кафолатламайди. Шунинг учун ҳам уйнинг қандай қурилиши, жиҳозланиши инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади.

Лекин айрим одамлар обрў ва бойлигини кўрсатиш учун ҳашаматли уй қуришни афзал билади. Аслида уйда болаларнинг ўйнаши, дарс тайёрлаши, дам олиши учун алоҳида хоналар, меҳмонлар учун, овқат тайёрлаш ва қулай дам олиш учун хоналар бўлишининг ўзи етарли. Аммо кейинги йилларда кўпчилик уйда ҳашамат керакми ёки қулайлик, деган савол устида бош қотирмоқда.

Қулайлик - ҳар куни сезиладиган неъмат

Қулай уй - бу инсоннинг физиологик ва руҳий эҳтиёжларига жавоб берадиган муҳит. Бундай уйда ҳар бир жиҳат инсон ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган бўлади. Масалан, хоналарнинг тўғри жойлашуви, ёруғликнинг етарли бўлиши, ҳаво айланиши, жойнинг кенглиги ва ҳаракатга қулайлиги - буларнинг барчаси қулайлик элементлари.

Мисол учун, агар ошхона кичик бўлиб, иш жойлари тўғри жойлаштирилмаган бўлса, ҳар куни овқат тайёрлаш оғир вазифага айланади. Шунингдек, санитария хоналари бўлмаса, кундалик эҳтиёжлар қийин кечади. Агар уйда иситиш ва совутиш тизими самарасиз бўлса, турли фаслларда яшаш муаммога айланиши мумкин. Ҳатто жуда чиройли, безакли уй ҳам бундай ҳолатда инсонга ором бермайди. Шунинг учун, биринчи навбатда, уй инсон ҳаётини енгил қилиши керак. Қулайлик - бу зарурат.

Ҳашамат - кўзга кўринарли, лекин ҳаммага мос эмас

Ҳашамат, асосан, уйнинг ташқи кўриниши, материалларининг қимматлиги, бежирим безаклар, қиммат жиҳозлар, бошқаларда учрамайдиган техникалар боғлиқ жиҳатларидир. Бу - нафақат чиройли кўриниш, балки инсоннинг ижтимоий мақоми ва имкониятларини акс эттирувчи белгидир.

Албатта, ҳашамат уйга ўзгача жозиба бағишлайди. Масалан, кенг заллар, баланд шифтлар, табиий тош ва дарахт материалларидан тайёрланган мебеллар, санъат асарларини эслатувчи ёруғлик лампалар ва эксклюзив безаклар - буларнинг барчаси инсонда ижобий ҳиссиёт уйғотади. Айниқса, меҳмонлар учун бу жуда таъсирли бўлиши мумкин. Бироқ, жуда ҳашаматли уйда ҳаракат қилиш қийин, жойлашув самарасиз бўлиши, қишда уйни иситишнинг қийинлиги, ўринсиз безаклар турмуш тарзига мос келмаслиги мумкин. Баъзида ҳашаматли мебеллар нафақат қиммат, балки фойдаланиш учун ноқулай ҳам бўлади.

Қулайлик ва ҳашамат ўртасидаги мувозанат

Энг яхши ёндашув қулайлик ва ҳашаматни уйғунлаштириш. Яъни, уй, авваламбор, инсон ҳаётига мос, функционал ва қулай бўлиши керак. Ундан кейин имконият бўлса, унга ҳашамат унсурлари қўшилиши мумкин. Масалан, ошхонада замонавий техника бўлиши, бироқ у эстетик жиҳатдан ҳам чиройли жойлаштирилиши ёки меҳмонхонада дид билан танланган қулай диван бўлиши ва мақбул жойлаштирилиши лозим.

Бугунги кунда минимализмга асосланган дизайнлар бу мувозанатни яхши таъминлайди. Уларда ортиқча безаклар ўрнига кенг жой, ёруғлик, табиий ранглар ва функционал жиҳозларга эътибор қаратилади. Бу эса бир вақтнинг ўзида ҳам қулай, ҳам замонавий ва шинам уй муҳитини яратади.

Демак, ҳашамат ва қулайлик - бу бир-бирига қарши тушунчалар эмас. Лекин инсон ўз уйини қуриш ёки таъмирлаш пайтида, аввало, ҳаёт тарзига мос келадиган қулайликни танлаши керак. Чунки ҳар куни сезиладиган, ҳар куни фойдаланиладиган нарса қулайликдир. Ҳашамат эса шунга қўшимча сифатида, агар имконият бўлса, уйга қўшилиши мумкин бўлган унсурдир.

Инсоннинг ҳақиқий уйи - у ерда ўзини эркин, хавфсиз ва оромда ҳис қиладиган жойдир. Шу сабаб, уй танлашда ёки қуришда ташқи кўринишдан аввал, ички муҳитнинг қулайлигига эътибор бериш доим оқилона ечим бўлади.

Ўктам Худойбердиев.