Уйда тайёрлаш мумкин бўлган мазали музқаймоқлар

Ёзнинг жазирамали кунларида жонимизга оро кирадиган ва салқинлик бахш этадиган музқаймоқларни ҳамма бирдек севиб истеъмол қилса керак. Бироқ, уларни уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкинлигини кўпчилик билмайди. Қуйида уй шароитида тайёрланадиган мазали музқаймоқларнинг рецептларини келтириб ўтамиз. 

Сутли-творогли музқаймоқ
Керакли масаллиқлар: 
125 грамм ёғсиз творог
2 та тухум
1 стакан сут (ёғлилик даражаси 1%)
2 дона қулупнай
Таъбга кўра ванилинли шакар

Тайёрлаш жараёни:
Блендерда қулупнайни майдалаймиз. Тухум оқини сариғидан ажратиб оламиз. Тухум оқини кўпик ҳолига келгунича кўпиртирамиз.
Ванилинли шакар қўшамиз ва кўпиртиришда давом этамиз, секин-аста бир хил масса ҳосил бўлгунича творог ва сутни қўшиб борамиз.
Тухум сариғини қўшамиз ва яна кўпиртирамиз. Ҳосил бўлган массага қулупнайни соламиз. Музқаймоқни тўла қотгунига қадар музлаткичнинг музхонасига солиб қўямиз. Бунда 3 соат ичида ҳар 30 дақиқада уни аралаштириб турамиз. 

Малинали эскимо
Керакли масаллиқлар:
300 грамм малина
1 стакан йогурт (унча ёғли бўлмаган)
Таъбга кўра шакар

Тайёрлаш жараёни:
Малинани ювиб, қуритамиз. Унга шакар қўшамиз ва бўтқа ҳосил бўлгунига қадар блендерда майдалаймиз. Йогуртни қўшамиз ва яна аралаштирамиз. Тайёр массани бир марта ишлатишга мўлжалланган стаканларга соламиз ва музлатгичага қўямиз. Массани ҳар соатда бир марта аралаштириб турамиз. Тўлиқ музлаб бўлмаган музқаймоқ ҳақиқий эскимога ўхшаши учун унга чўпчалар тиқиб чиқамиз.