Уйдаги тарбия кўчада кўринади

Автобусда икки йигит ўзлари иштирокида бўлган воқеани баланд овозда муҳокама қилмоқда: сўзлари қўпол, автобусда бораётганини, атрофида бошқалар ҳам борлигини деярли унутишган. Кимдир "укалар, кўпчилик олдида сўкинманглар" деса, улардан бири "олдингизга қараб кетинг, сизни ҳақорат қилмаяпмиз-ку!" деди. 

Яна бир йўловчи "Эҳ, буларга таълим берган устозларига раҳмат" дея пичинг қилди.

 - Ука, - деди ёнимдаги ёши улуғ киши. - Гапириб нима қиласиз, фойдаси йўқ. Муаллимини айбламанг. Оиладаги тарбиянинг оқибати бу. Худо билади, ота-онаси ҳам шунақа тоифадан бўлса керак-да. 

  Баъзан кўчада машинада аллақандай тилда қўшиқ айтаётган радио овозини ҳаддан зиёд баланд қўйиб кетаётганларга гувоҳ бўламиз. "Ҳой, ука, сал пастроқ қилинг, ўзингиз ҳам тушунмаяпсиз-ку", десангиз нақ балога қоласиз: ё сизни маданиятсизликда айблайди, ёки ишингни қил, машина меники, деб иддао қилади. 

Яна бир таниш ҳолат: поликлиникада шифокорга навбат тизилган. Шу пайт бир йигит қўлидаги уяли телефонда гаплашаётиб, эшик олдида туриб олди. "Навбат борми, мен кимдан кейин кираман?", деб сўрамади ҳам. Бу ҳолат, табиийки, эрталабдан бери сабр билан турган кишилар ғашига тегди. Ичкаридаги мижоз чиққанда, эшикдан кираман деган чоғи уни навбатда турган шаддод киши тўхтатди ва "Ота-онангдан озроқ одоб ўргансанг бўлмайдими, болам", деб кириб кетди. Йўқ, йигит бу иддаодан кейин ҳам, бошқаларнинг норози эътирозидан кейин ҳам навбатда турмади, аксинча, бир хумрайиб ташқарига чиқиб кетди. Чунки у уйида бунақа одобни кўрмаган. 

Фақат бугина эмас, ижтимоий тармоқларда деярли ҳар лаҳзада хурмача қилиқли ёшлар ҳақида лавҳалар бериляпти. Уларнинг мактаби, ўқиётган олийгоҳи ёки иш жойи (баъзан) айтилади. Лекин ҳеч ким уларнинг ота-онаси ҳақида гапирмайди. 

Камина бу фикрни бежиз ўртага ташламадим. Алломалар қайси китобини ўқиманг, уларда фарзанд тарбиясига ота-она масъул экани бот-бот айтилади. Тарбиясиз болада илм олишга иштиёқ бўлмаслиги таъкидланиши баробарида фарзандига яхши тарбия бермаганлар жоҳил сифатида баҳоланади. "Болалар ўз оталаридан мерос қилиб оладиган уч афзал нарса бор: хушмуомалалик, одоб ва садоқат", деган турк алломаси Муҳаммад Зеҳний. Бинобарин, бола тарбиясига оилада кўпроқ аёл киши, яъни она масъул эканлиги ҳам бор гап. 

Ана энди ўзингиз фикр қилинг. Жамоат жойларида хурмача қилиқ қилаётган, ўзини тута олмаётган йигит-қизлар оилада тарбия кўрганми, улар ота-онасидан ибрат олганми? 

Биз тарбиясиз ёки ноқобил болалар билим олишда қийналса, ўқишни истамаса, бунинг учун таълим баробарида тарбиясизлик оқибатини ҳам ўқитувчидан сўраб хато қилмаяпмизми, ота-онани масъулиятдан четлатиб қўймаяпмизми?  

Боланинг, айниқса, жамоат жойда ўзини ноўрин тутиши, дағал ёки қўпол гапириши асло тасодифий ҳолат эмас. Бу - оилада шаклланган тарбия натижаси. Мабодо тартибсиз ўғил-қизининг ёнини олиб, муаллим ёки жамоага иддао қилса, ўша ота-онанинг ўзида ҳам ибрат бўладиган одоб йўқ. Негаки, инсон ўзида бўлмаган нарсани бировга бера олмайди. Уйдаги тарбиянинг натижаси кўчада, жамоат ичида кўринади. Бу ҳам бор гап. Хулоса эса сиздан, азизлар.

Фармон Тошев.