“UzAutoMotors” машиналар нархини шакллантиришида махфий ҳужжатларга асослангани маълум қилинди
Бугун, 9 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.
Суд мажлисида “UzAutoMotors” АЖ вакили ўз важларини келтирди. Жумладан, жавобгар ўтказилган текшириш натижаларига кўра махсус комиссияси томонидан ишни кўришда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги, комиссия йиғилиши 3, 7 август кунлари ўтказилган бўлса-да, мазкур йиғилиш баённомалари юритилмаганлиги, фақатгина комиссиянинг 19 август, яъни қарор қабул қилинган кундаги йиғилиш баённомаси мавжудлиги, махсус комиссияга йиғилишни ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлса-да, Низомнинг 18-банди талаби бузилиб, иш “UzAutoMotors” АЖ вакили иштирокисиз кўрилганлигини баён этди. Шунингдек, у вакил иштирок этмагач, жамиятга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини, жамиятда ўтказилган текшириш далолатномасида кўрсатилмаган ҳолатлар комиссия йиғилишида муҳокама қилинганлиги, комиссия аъзолари таркибида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Шарипов бўлмаса-да, йиғилишда иштирок этганлиги, текшириш давомида автомобилларнинг таннархи асоссиз оширилган деган номақбул далиллар келтирилганлигини билдириб, текширишда аниқланган камчиликларни инкор этувчи ҳужжатлар тақдим этди.
Шу билан бирга, аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралди.
Ушбу илтимосномани қаноатлантириш тўғрисида суд ўз ўрнида ажрим қилди.
Шундан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг аризачи талабларига нисбатан келтирилган важлари тингланди.
Барча тарафларнинг фикри тингланганидан сўнг, аризачи “UzAutoMotors” АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг таннархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, қўмита томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини, шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилиб, судга “махфий” грифи остидаги ҳужжатларни тақдим этиб, суд мажлисини мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиш сўралди.
Ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди.
Олий суд ахборот хизматига кўра, навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 16 октябрь куни соат 10.00 да ўтказилади.