Валенсияда Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришга бағишланган форум ташкил этилади

Ўзбекистон элчихонасида ЮНЕСКО «Ипак йўли» дастури Испаниядаги президенти Хосе Мария Чикийо Барбер билан учрашув бўлиб ўтди

Мулоқот чоғида мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Самарқанддаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилган йирик «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази ишга туширилиши алоҳида таъкидланди. Мажмуа ҳудудида 8 та меҳмонхона, шундан иккитаси беш юлдузли, иккитаси 4 юлдузли, тўртта бутик меҳмонхоналар, конгресс-холл ва «Абадий шаҳар» барпо этилган.

Мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва янги Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб «очиқ осмон» режими жорий этилгани қайд этилди.

Хосе Мария Чикийо Барбер сайёҳлар учун яратилган янги ва қулай шароитлар, Самарқанд шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма мамлакатга туристлар оқимини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш мақсадида ноябрь ойида Валенсия шаҳрида Испания йирик турк компаниялари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришга бағишланган форум ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.