Вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилди

Самарқанд вилоят Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобидан бугунги кунда 428 мингдан ортиқ пенсия олувчи бор. Шундан 361299 нафар ёшга доир пенсия, 41603 нафар ногиронлик пенсияси, 25217 нафар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларни ташкил қилади.

2024 йилнинг 6 ойи давомида бошқармамизга вилоят бўйича 526 нафар мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилди ва белгиланган тартибда ёзма жавоблар юборилди. 2024 йилнинг 6 ойлик якунлари билан 346 марта сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар билан бевосита учрашувлар ташкил қилинган.

Шу ўринда бир янгилик: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.

Ушбу Фармоннинг 4-бандида “Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилсин”, деб белгилаб қўйилди.

Мисол учун, фуқаро саломатлигини тиклаш масаласида Туркия давлатига кетди, пенсия пулларини олиб туриш учун ишончли вакилга ишончнома қолдирди. Фуқаро 2 йил-у 10 ой Ўзбекистон Республикасига қайтиб келолмади ва унинг ишончли вакили бир йилга қолдирилган ишончнома орқали уни пенсия пулларини олган хамда кейинги ишончнома бўлмаганлиги сабабли пенсия пули тўхтатиб қўйилган ва 1 йилу 10 ойлик пенсия пули олинмасдан қолган.

Фуқаро Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиб, олинмай қолган пулларини тўлашни сўраб мурожаат қилганда, унга 1 йил-у 10 ой (24 ойга етмаган) пенсия пуллари тўлаб берилади. Илгари амалда бўлган қоидага кўра, унга 12 ойлик пенсия пули тўлаб берилар эди.

А.Неъматов,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи.