Васлий Самарқандий – Мударрис, мутаржим, олим, шоир

ХIХ аср охири, ХХ аср бошларидаги Самарқанд адабий ва маърифатпарварлик муҳитининг улуғ сиймоларидан бири бўлган Саидаҳмад Васлий 1870 йил Самарқанд шаҳар Қўшҳовуз маҳалласида темирчи оиласида туғилган.

Етти яшарлигида отаси уста Азимдан етим қолган Саидаҳмад онаси қўлида тарбияланиб, бошланғич маълумотни Мирзо Абдулҳамид деган кишидан олади ва акаси уста Нурмуҳаммад қўли остида темирчилик билан шуғулланади. Ўткир зеҳнини пайқаган тоғаси Абдулқосим Саидаҳмадни онаси билан бирга Тошкентга олиб кетади. У Кўкалдош мадрасасида таҳсил олади.

Васлийнинг маърифатпарвар шоир бўлиб етишишида Тошкент адабий муҳитининг аҳамияти катта. Чунки у бу ерда Муқимий, Фурқат каби шоирларнинг ижоди билан танишади ва Тошкентдаги тараққийпарвар шоирлар - Абдукаримбек Камий, Ҳайбатулла Хислатлар иштирок этадиган суҳбатлар ва мушоираларда қатнашиб, адабий маҳоратини ошира боради.

Тоғасининг вафотидан сўнг у онаси билан бирга Самарқандга қайтади ва бир йилдан кейин Бухородаги Кўкалдош мадрасасида ўқишини давом эттиради.

Васлий Бухорода бошқа ҳаёт билан тўқнашди. Ўқувчи мадрасада 10-15 йиллаб таҳсил олса ҳам саводсиз бўлиб чиқарди. Чунки мадрасалардаги ўқиш-ўқитиш ишларида ҳеч қандай мақсад ва режа йўқ эди. Шоир ана шу муҳитни ўрганиб, мадрасалардаги тартибсизликлар ҳақида мақолалар ёзади. Жумладан, “Таълим ва билдурмакнинг фойдалув ўлмоғи” мақоласида “Табиийдурким онинг (ўқувчи) ақли мушкул нарсаларни билмакдан ожиздур ва қийин сўзни англамоқдан қосирдур. Зеҳни катта ва оғир иборадан шошур, зероки истеъдоди анга чидамас ва анча қийин ва дақиқ таъбирдан қочур... Чунки мақсади билмак эди, билолмади қочди ва мақсади баҳра олмоқ эрди, ололмади. Ишда мударрис афандига бир дуруст йўл бошламоқ муносибдур, токи шогирди андин баҳра олсин...” (“Ал ислоҳ”, 1917 йил, 6-сон) деб мударрисларнинг дарс бериш усулларини таҳлил қилиб, йўл-йўриқ кўрсатади. “...Ҳеч ким илм ҳолиға боқмас, ағниёларга танга ва сўм бўлса бўлур... Уялмоқ ҳам яхши ишдур, миллат, ватан аҳволиға боқмоқ керак”, деб ўлкадаги қолоқликдан афсусланади.

Васлий Бухорода ишлаб юрган вақтида мадраса, мактабларнинг хароблиги, мударрисларнинг тажрибасизлигини танқид қилгани боис тазйиққа учраб, Самарқандга келади. Дастлаб Шоҳи Зинда, кейинчалик Орифжонбой мадрасаларида мударрислик қилади ва бир вақтда асар ёзиш, нашр этиш билан шуғулланади.

Саидаҳмад Васлий тараққийпарвар маорифчилар Абдуқодир Шакурий, Саид Аҳмад Сиддиқий, Қори Муҳаммад Раҳмий, Шокир Мухторов ва Фаёз, Исматулла Раҳматуллаев, Ҳожи Муин, Ориф Гулханий ва бошқа илғор шоир ва маорифчилар билан ижодий ҳамкорлик қилган.

Адибнинг Самарқанддаги ҳаёти энг сермаҳсул даврлардан ҳисобланади. У Самарқандда танқидий публицистик мақолалари, шеърлари ва таржималари билан чиқа бошлайди. Бунга унинг "Иттиҳод ва инсоф", “Маданият”, “Билдурмак кимнинг гуноҳи?” каби мақолалари мисол бўла олади.

Саидаҳмад Васлий ўзбек, турк, озарбайжон, форс-тожик ва араб тилларида ижод қилган. У бу тилларда фақатгина шеър ёзиш билан чекланмайди, балки форс-тожик, араб тилларини ўрганишга доир қўлланмалар ёзади. Мана шунинг ўзи шоирнинг зукко олим ва зуллисонайн шоир эканлигидан далолатдир.

Шоир фақирона ҳаёт кечирган бўлса-да унинг ҳужраси ҳамиша маърифатпарвар шоирлар, адабиёт мухлислари билан тўла бўлган. У ёш истеъдодларга ҳам ғамхўрлик қилган. Масалан, Васлий 1918-1922 йиллар Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида муаллим тайёрлаш курси очиб, унда ўзи ёшларга дарс берган. Адабий тўгараклар ташкил қилиб, қаламкашларга шеър ёзиш ва адабий маҳорат тўғрисида ҳар томонлама кўмак ва маслаҳатлар бериб турган. ХХ асрнинг 20-йилларида Самарқанддаги Тиллакори мадрасасида унинг ташаббуси билан адабиёт тўгараги уюштирилган.

Васлий шеърларида ёшларни Ватанни севишга даъват этади: “Инсон аҳли илмли бўлса, Ватан тараққий этади, Ватандин жабр кўрса ҳам, уни тарк этмайди”, дейди у “Ватан ҳақида” шеърида.

Авлодларимни айла илм ила ошно,

Муштоқи илму ҳикмату ирфон эрур Ватан.

Анвори илмдан Ватан гар бўлса файзёб,

Завқу нишоту айшлара кон эрур Ватан.

Ҳар қанча жавр этса Ватандан чекинмаза

Зероки, жаври боис ирфон эрур Ватан.

Тенг айласам Ватанни гулистонга тонг эмас,

Васлий кўзига меҳри дурахшон эрур Ватан.

Саидаҳмад Васлий таржима билан ҳам шуғулланган. Жумладан, муршидободлик Муҳаммад Ҳусайн ал-Ҳанафий Толиби Буварийнинг “Мебояд дид” асарини 1912 йил форсчадан “Боқмоқ керак” номи билан ўзбек тилига таржима қилган.

Васлийнинг ўттизга яқин асари бўлиб, ундан 16 таси босма шаклида бизгача етиб келган. Қолганлари қўлёзма ҳолича қолган, баъзилари ҳалигача топилмаган. Унинг биринчи девони “Армуғони дўстон” номи билан 1909 йилда тожик тилида Самарқандда нашр этилган. Иккинчи девони - “Туҳфатул аҳбоби Васлий” 1912 йилда Тошкент шаҳрида ўзбек тилида босилиб чиққан. Учинчи девони “Девони авохирил умр” деб номланган бўлиб, унда шоирнинг инқилобдан кейинги ижоди жамланган.

Адибнинг асарлари Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик илмий-текшириш институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Мударрис, олим, мутаржим, зуллисонайн шоир Саидаҳмад Васлий 1925 йилда Самарқандда вафот этган. У мураккаб даврда яшаб ватанпарварлик, инсонпарварлик, тараққийпарварлик руҳидаги асарлари билан ўзбек ва тожик адабиётининг хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган.

Муайяна ХЎЖАЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.