125 нафар самарқандлик спортчи Президент олимпиадасида иштирок этади

Олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш ҳамда миллий терма жамоаларга иқтидорли ёшларни саралаш мақсадида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уч босқичда ташкил этилаётган ушбу спорт ўйинларининг илк мусобақалари синов тариқасида 15-17 ёш тоифасида минтақаларда бўлиб ўтди.
Мусобақанинг туман ва шаҳар босқичида вилоятимиздан 15 минг 750 нафар ёш спортнинг дзюдо, бокс, таэквондо WT, оғир атлетика, юнон-рум кураши, эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, 3х3 баскетбол турлари бўйича беллашиб, 930 нафари турнирнинг вилоят босқичига чиқди. Унда муросасиз кураш олиб борган энг кучли ва иқтидорли 125 нафар спортчи ғолиб бўлди.
Энди улар декабрь ойида Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган Президент олимпиадасида иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади. Бунда 1- ва 2-босқич ўқувчиларига тегишли тартибда стипендия тўланиши белгиланган.