Тойлоқнинг “Янги Ўзбекистон” массивидаги уйлар фойдаланишга топширилди

Наврўз байрами шукуҳи давом этаётган шу кунларда Тойлоқ туман марказидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 224 хонадондан иборат иккита кўп қаваили уй фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Ургут, Булунғур, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, Тойлоқ туманида “Янги Ўзбекистон” масиви учун Чароғбон маҳалласи ҳудудидан 27,4 гектар ер майдони танланиб, уч йилдан буён қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

“ҚИШЛОҚҚУРИЛИШЛОЙИҲА” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида ҳудудда 4592 хонадонли 41 та кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда. Айни пайтда яна 5 та уй фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. Яна 13 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари массивда 

2 та 300 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, 1650 ўринли иккита умумтаълим мактаби, 100 қатновга мўлжалланган оилавий поликилиника, бир қатор савдо ва хизмат кўрсатиш, кўнгилочар масканлар, болалар ва спорт майдончалари бунёд этилади.

Янги хонадонларни топшириш маросимида вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва унинг самаралари эътироф этилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан туман марказидаги “Файзли маскан” турар жой мажмуаси ҳам фойдаланишга топширилди.