Жадидлар фаолияти дунё эътиборида

Бобом Саидризо Ализода ҳаётини кўпроқ ўрганганим учун жадидлар билан боғлиқ ҳар бир мужда ёки мақолага эътибор билан қарайман. Айниқса, кейинги пайтда жаҳон тарихчиларининг, зиёлиларнинг Ўзбекистон жадидлари фаолиятининг ўша даврдаги ўрни ва улар маънавий меросининг аҳамиятига қизиқиши мени қувонтиради. Уларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг жаҳон ҳамжамияти билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, маданий, адабий алоқаларни кучайтириш юзасидан кўрсатаётган ташаббуслари билан боғлиқ. Шу боисдан ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода уй-музейларига Ҳиндистон, Эрон, Озарбайжон, Германия, Хитой, Афғонистон ва бошқа давлатлардан зиёлилар ташриф буюришяпти. Улар Ўзбекистон ҳақида кейинги йилларда ёзилган китобларда жадидлар фаолиятига адолатли баҳо берилганлигини таъкидлашмоқда.
Яқинда эса Япониядан, Токио шаҳридан жадидшунос тарихчи-олим Шимада Шисуо бобом номидаги уй-музейига ташриф буюрди. Меҳмон ниҳоятда самимий олим экан. Ўзбекона анъаналарга биноан суҳбатлашдик, чордона қуриб ўтирдик. У Японияда ҳам жадидлар фаолияти қадрланишини айтди. Умуман, маънавий жасорат дунё олимлари назарида энг катта жасорат ҳисобланар экан.
Меҳмон уй-музейни томоша қилди, ҳар бир экспонатни диққат билан кузатди, ўрганди. Айрим экспонатларни кўрганда унинг ҳайратланишига ҳавасим келди. Бу ердаги экспонатлар ҳақида албатта япон ўқувчиларига маълумотлар етказишини айтди.
Меҳмон менга юз саҳифалик китоб совға қилди. У «Ойина» журналининг мундарижаси деб аталар экан. Бу рисолага Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан 1913 йил 20 августдан таъсис этилган ва 1915 йил 15 июнигача чиққан долзарб мақолалар киритилган. Рисолада ўша давр жадидлари (жами 60 га яқин)нинг исм-шарифлари келтирилган. Бундан ташқари, жадидлар фаолиятига оид мақолалар ҳам бор. Дарвоқе, зиёлиларнинг рўйхати дунё мусулмонлари конгресси иштирокчиси жаноб Исмоилбек Гаспарали билан бошланган.
Насиб этса, рисоладаги материаллар, мақолалар мазмуни билан «Зарафшон» муштарийларини яқиндан таништириш ниятим бор.
Фарҳод АЛИЗОДА,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори.