Самарқандда тўрт нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда

Бу йил дунё халқлари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлайди.

Ўтган йиллар давомида сайёрамиз манзараси ўзгариб, ер юзининг турли минтақаларида нотинчликлар кузатилаётган, катта ва кичик мамлакатлар манфаатлари турли нуқталарда тўқнашаётган бўлса-да, ўтган аср ўрталаридаги урушнинг сабаб ва оқибатлари унутилган эмас. Тинчлик қадр-қиммати ошиб бормоқда. Шунинг учун ҳам 9 май айрим давлатларда ғалаба куни, баъзиларида уруш қурбонларини ёд этиш билан боғлиқ сана сифатида қайд этилади. Лекин аксарият дунё халқлари учун бу сана Иккинчи жаҳон урушининг тугаши, инсониятнинг фашизм устидан ғалабаси куни.

Жумладан, мамлакатимизда ҳам 9 майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаш бугун ҳам расман, ҳам халқимиз томонидан таомилга айлантирилди.

Бу йил ушбу санага тайёргарлик, муносиб нишонлашга анча эрта киришилди. Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари томонидан “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қайд этилгандек, юртимизда Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда Ватанимиз тараққиёти ва унинг ҳимояси учун курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, шунингдек мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасини улуғлаш олийжаноб қадриятга айланган. Уларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги юксак мардлик ва қаҳрамонликлари бугун ёш авлод учун эртакдек тингланса-да, катта ибрат мактабидир.

Афсуски, бугун жангу жадалларда мардлик, фидойилик кўрсатиб, наинки оила аъзолари, балки давлатимиз, халқимиз эъзозида умр кечираётган, асрга тенгдош инсонлар жуда кам ва уларнинг умрига умр қўшиш, қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

– Бугунги кунда вилоятимизда атиги тўрт нафар уруш қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Улар – Каттақўрғон тумани Боғот маҳалласида яшовчи Раҳмат Қобилов, Самарқанд тумани Саховат маҳалласидан Аҳад Очилов, Ургут тумани Испанза маҳалласида истиқомат қилувчи Бўрон Гадоев ҳамда Самарқанд шаҳар Боғи Темур маҳалласидаги Михаил Колмогоров, ҳар бирлари юз ёшли отахонлар. Афсуски, энди уларни санашга бармоқларимиз етади ва бу кўнглимизга оғир ботади.

Бугун бу нуронийларимиз яшаётган хонадонлар энг азиз остоналардан бири, раҳбарлар ҳам, маҳалла аҳли ҳам ҳар куни йўқлаб туришади. Нафақат Хотира ва қадрлаш кунида, балки бошқа байрамлар муносабати билан ҳам шахсан давлатимиз раҳбари уларга табрик, совға-саломлар йўлламоқда. Президентимиз фармонига кўра, бу йил Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уларга 10 минг АҚШ долларидан бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 миллион сўмдан, 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига эса 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланди.

Вилоятимизда айни пайтда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар йўқ, лекин уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари кўпчилик – 263 нафарни ташкил этар экан. 90-100 ёшли бу нуроний отахон ва момоларимиз доимий эътиборимизда. Ҳозирда уларнинг рўйхатлари тузилиб, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотларига етказилган, байрам муносабати билан пул мукофотлари тантанали топширилиши билан бирга ҳар бирларидан ҳол сўралиб, совға-саломлар улашилади.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг қарорида бу йил 9 майни ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда нишонлаш, тадбирларни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ўтказиш белгиланди.