Верона қандай форум, уни ўтказиш бизга нечоғли наф келтиради?

Самарқанддаги "Silk Road Samarkand" халқаро сайёҳлик марказида ташкил қилинган XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми Италиянинг «Евроосиёни англаймиз» нотижорат уюшмаси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ўтказилмоқда.

Форум тарихи
Верона Евроосиё иқтисодий форуми Италияда (Верона) 2007 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. 2022 йилда Озарбайжон (Боку) тадбирнинг мезбон мамлакати бўлган. Жорий йилда XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми Самарқанд шаҳри ўтказилмоқда.

Тадбир доирасида
Самарқандда ҳам форум аввалида маданий тадбирлари ўтказилди. Хусусан, N.I.C.E. янги итальян киноси кинофестивали ташкил қилинди. У орқали томошабинлар 30 йил давомида Италия кинематографиясининг янгиликлари билан танишди. «Сан-Ремо юлдузлари» концертида италиялик машҳур ижрочилар қатнашди.

Асосий дастур
Форум дастурига кўра, дастлаб "Евроосиё марказидаги ҳамкорлик лойиҳаси: халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда Ўзбекистонинг роли" мавзуида махсус сессия ўтказилади.
Умуман, 3-4 ноябр кунлари 8 та - янги халқаро контекстда савдо, сармоявий ва технологик ҳамкорликнинг янги механизмлари, хомашё ва энергия бозорларини ривожлантириш истиқболлари сингари мавзулар муҳокама қилинади.

Манфаат борми?
Форум бизнесни ривожлантиришга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли.
Шу боис, сессияларда Европа ва Осиёнинг йирик компаниялари ва молия институтларининг юқори лавозимдаги ходимлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, мутахассислар, дипломатлар, турли халқаро ва ҳудудий ташкилот вакиллари қатнашяпти.
Асосийси, форум тадбиркорлар ўртасида эркин мулоқот, бизнес алоқалар ва музокаралар учун кенг имкониятлар яратади.

Учрашувлар доирасида ўнлаб мамлакатларнинг хусусий ва давлат компаниялари вакиллари кенг кўламли масалалар бўйича фикр алмашишади.
Форумда Ўзбекистон билан бизнес алоқаларини олиб бориш, ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор италиялик тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Дарвоқе, Бокуда ўтказилган XV форум резолюциясида "молия, технология ва саноат, транспорт ва логистика масалаларини муҳокама қилишга камроқ вақт ажратдик", дейилган.
Самарқанддаги XVI форумда қайд қилинган масалалар бўйича алоҳида сессиялар белгиланган.