Вилоят ҳокими бориб, тегишли топшириқлар бергандан кейин ҳам ҳал бўлмаган муаммо нарпайликларни қийнаб келмоқда

Бу ерда гап Нарпай туманидаги Дўстлик маҳалласида 2020 йил декабрь ойида оқова сувларни тортиш ва тозалаш учун қуриб, фойдаланишга топширилган иншоот ҳақида кетмоқда.

Яхши ният билан бир йил аввал қурилган қурилма талаб даражасида ишламаганлиги сабабли ундан аҳоли азият чекмоқда.

Яъни, сиз видеолавҳада кўриб турган оқова сувларнинг бадбўй ҳиди унга яқин атрофда нафас олишга имкон бермайди.

Маълум қилинишича, иншоот "Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича ИК" унитар корхонаси вилоят бошқармаси томонидан буюртма қилиниб, “ECO CONSTRUCTION GROUP” МЧЖ томонидан қурилган.

Қиймати 20 млрд. сўм маблағ сарфланган мазкур иншоот фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда.

Мисол учун, электр энергиясида узилиш бўлганда бевосита иккинчи тармоққа уланмаслиги, фавқулодда ҳолатда оқова сувни чиқариб юборишнинг иложи йўқ. 

Бундай пайтларда оқова сувлар Нарпай каналига қўйиб юборилаётганлиги айтилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, бу иншоотдан тўғри ва самарали фойдаланиш нафақат тозаликка, балки қўшимча даромад олишга ҳам хизмат қилади.

Жумладан, бугунги шароитда ҳам бир дона "говнавоз" бўлса, ҳафта давомида тўпланган 50-60 машина қуйқа ташиб чиқариши мумкин. Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун арзон, айни дамда жуда фойдали бўлган бу минерал ўғитдан тўғри фойдаланилмаяпти.

Аслида фермер хўжаликларига тарғиб қилинса ҳам оқова сувларидан ҳосил бўладиган чўкма, албатта, шарбат усулида суғоришда ниҳоятда қимматли восита ҳисобланади.

Умуман, чала қолган иншоот вилоят ҳокимининг ҳам эътиборига тушган экан. Аҳолининг айтишича, шундан кейин мутасаддилар иншоотни кўздан кечиришган, аммо амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Кимнидир танқид қилмоқчи эмасмиз, бироқ шахсан гувоҳ бўлдик: одамлар беҳуда ёзғирмаяпти. Муаммо – долзарб. Кунлар исиган сари у янада мураккаблашиб, газак отиб бораверади. Шу боис мутасаддилар масаланинг ечимини топишлари зарур.