Вилоят ҳокими Каттақўрғон шаҳрига нега борди?

Бундан икки ҳафта бурун бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди.

Шундан кейин шаҳарда вазирликлар ва Республика аҳамиятидаги ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи 8 йўналишда иш олиб бориб, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни амалга ошириш юзасидан дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов кеча Каттақўрғон шаҳрида бўлиб, ободончилик, қурилиш, маданий ва ижтимоий объектлардаги жойида ҳақиқий аҳволни ўрганди.

Масалалар муҳокамаси чоғида дастлаб вилоят Марказий банки бошлиғи Отабек Тўхтаев банк-молиявий таъминоти масаласига тўхталиб, 2020-21 йилларга мўлжалланган 860 миллиард сўмлик 116 та лойиҳа шакллантирилганини маълум қилди. Таъкидланганидек, ушбу маблағнинг 410 миллиард сўми тадбиркорларнинг, 415 миллиард сўми банк кредити ва 3 миллион 500 минг АҚШ доллари инвестиция ҳисобига тўғри келади. Лойиҳаларнинг 59 таси саноат, 36 таси қишлоқ хўжалиги, 21 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли.

Вилоят ҳокими ижтимоий объектлар, жумладан, истироҳат боғи, амфитеатр, маданият бўлими биноларини таъмирлаш ва ободончилик ишларини тезлаштириш лозимлигини қайд этди. Каттақўрғон шаҳар маданият саройи ва Шароф Рашидов кўчасида жойлашган кўзи ожизлар жамиятига қарашли кутубхонанинг қурилиш-реконструкция ишларига тўхталиб, Мудофаа ишлари, халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимларининг янги биноларини қуришни бугундан бошлаш лозимлигини айтди.

Йиғилишда Самарқанд давлат университетининг собиқ 2-академик лицейи биносида Самарқанд давлат университети педагогика институтининг Каттақўрғон филиалини, Каттақўрғон транспорт касб-ҳунар коллежи моддий-техник базаси негизида Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалини ташкил этиш борасида ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этиш лозимки, белгиланган вазифа ва топшириқларнинг пухта бажарилиши, лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга аҳоли турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Зотан, вилоят ҳокими шаҳарни 2020-2022 йилларда ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан “Драйвер” йўналишларни аниқлаш, бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва энг мақбул лойиҳа-таклифларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берди.

Шунингдек, йиғилишда “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ ва “12 -Mexanizatsiyalashgan kolonna” масъулияти чекланган жамияти негизида кичик саноат зонасини ташкил этишда амалга ошириладиган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.