Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоров вилоятимиз аҳолисига мурожаат йўллади

Ҳурматли Самарқанд аҳолиси!

Вилоятимиздаги мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш борасидаги ишларимиз давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг март ойида 1244 та жиноят ҳисобга олиниб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 30 тадан тўғри келди.

Март ойида ҳисобга қўйилган жиноятларнинг 34 фоизи аниқланадиган, 28 фоизи олдини олиш мумкин бўлган ва 38 фоизи ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ жиноятларни ташкил этди.

Бу даврда ҳисобга олинган жиноятларнинг 153 таси ёки 12,3 фоизи маҳалла ҳудудида содир қилинди.

Азиз самарқандликлар!

Давлатимиз раҳбарининг 1- ва 2-сонли қарорлари ижроси юзасидан кўрилган чоралар натижасида ўтган 3 ойда маҳаллаларимиздаги криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Кўрилган профилактик чоралар натижасида, жорий йилнинг 3 ойида вилоятдаги маҳаллаларнинг 833 тасида жиноят содир этилмади, шунингдек 2025 йилда “қизил” тоифада бўлган 118 та маҳалланинг 28 тасида криминоген вазият яхшиланиб, 82 тасида жиноят содир бўлмади.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларидаги сўнгги 5 йилда криминоген вазияти мураккаб бўлган жами 10 та маҳаллаларнинг 9 таси қизил тоифадан чиқарилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан босқинчилик 100 фоизга, қотиллик 25, фирибгарлик 25, йўл-транспорт ҳодисаси 16 ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси 2,4 фоизга камайди.

Жиноят содир этган шахслар 63 фоизга, ишсизлар жинояти 100, гуруҳлар 91, муқаддам судланганлар жиноятчилиги 85, ёшлар жинояти 65, вояга етмаганлар 62, маст ҳолатдаги жиноятлар 37 ва аёллар жинояти 29 фоизга пасайди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан бундан буён ҳам жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, содир бўлган жиноятларнинг асл сабаб ва омиллари кунлик таҳлил қилиниб, бунга масъул бўлган ваколатли органларнинг фаолиятига холисона баҳо бериб борилади.

Қадрли вилоятимиз аҳолиси!

Шу ўринда барчангизнинг эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчиман.

Юқорида таъкидланганидек, содир этилган жиноятларнинг ярмини ҳамон ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ жиноятлар ташкил этмоқда.

Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг салмоқли қисми эса ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан иборат бўлмоқда.

Жиноят қурбони бўлиб қолмаслик мақсадида, аввало, эҳтиёткорликка риоя қилишимиз, турли алдовларга ишониб қолмаслигимиз лозим.

Нотаниш шахсларнинг текширилмаган ва ишончсиз ваъдаларига ишониб қолманг, шахсий ҳисобларингиз ҳақида маълумотларни бериб қўйманг, пластик карталарингиз кодлари хавфсизлигига эътибор қаратинг!

Азиз самарқандликлар!

Албатта, вилоятимизда жиноятчиликнинг олдини олишда ва бошқа соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ҳамда ҳамкорлигига таянамиз.

Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканлигини ҳар доим ёдда тутишимиз зарур.

Эътиборингиз учун раҳмат!