Вилоят суди судьялари жойларда қонун тарғиботини ўтказишди

Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари Б.Жумабоев, О.Пардаев иштирокида семинар-йиғилиши ўтказилди.
Қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, шунингдек, фавқулодда ҳолатларга боғлиқ маъмурий ишларни юритиш тартиблари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.
Б.Жумабоев яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Жиноят, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида”ги қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Ушбу қонунлар билан ишларни кўриб чиқилишида бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилингани, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилгани, бу янгиликлар қонунчиликда нималар ўзгарганини тушунтириб берди.
Тадбирда иштирок этган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ў.Мейлиев, Самарқанд ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси М.Парпиев, МИБ бўлим бошлиғи С.Мамаюсупов, вилоят ИИБ ходими А.Холиқов қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида, хусусан, фавқулодда ҳолатлар билан боғлиқ терговга қадар текширув ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни судларга юбориш тартиби, маъмурий жарималарни мажбурий ундириш билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтиришлар берди.
***
Шунингдек, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари О.Пардаев, Ж.Арслонов, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси З.Аҳмедова Самарқанд шаҳридаги Дари-Занжир маҳалласида сайёр учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Учрашувда йиғилганларга “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди. Аҳоли тушуниши осон бўлиши судьялар битта қонунларни содда тилда шарҳлаб, мазкур қонунларни қабул қилишдан асосий мақсад қонунчилик ва халқ учун фойдаси нималарда эканлигини батафсил тушунтирди. Барча саволларга атрофлича, ҳаётий мисоллар билан жавоб берилди.
Шунингдек, сайёр қабулга келган фуқаролардан 2 нафари тадбиркорлик қилиш учун кредит олиш бўйича мурожаат қилди. Уларга банк муассасаларига мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.
Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.