Ҳаёт, бахт, гўзаллик ва муҳаббат ҳақида буюк аёллар қилган иқтибослар
Эътироф, муваффақият ва бутун дунё бўйлаб тан олиниши учун қийин йўлни босиб ўтган буюк аёлларнинг доно сўзлари қийинчиликларга бошқа томондан қарашга ва ижобий фикрлашга ёрдам беради.
Маргарет Тетчер, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири:
Қудратли аёл бўлиш - ҳақиқий хоним (леди) бўлишдек гап. Мабодо сиз одамларга шундай эканлигингизни эслатар экансиз, демак, сиз аниқ бу номга лойиқ эмассиз.
***
Индира Ганди, Ҳиндистон собиқ бош вазири:
Ҳеч ким имкониятларни шундоққина қўлингизга топшириб қўймайди. Сиз уларни суғуриб олишингиз ва улар устида ишлашингиз лозим, бунинг учун эса қатъият... ва жасорат керак.
***
Мадлен Олбрайт, АҚШ Давлат котиби лавозимида ишлаган биринчи аёл:
Дўзахда бир-бирига ёрдам бермайдиган аёллар учун алоҳида жой ажратилган.
***
Опра Уинфри, америкалик телебошловчи, актриса, продюсер, жамоат арбоби:
Сиз ҳаётда фақат сўрашга журъат этган нарсаларингизгагина эриша оласиз.
***
Коко Шанель,Франциялик дизайнер ва “Chanel” модалар уйи асосчиси:
Муваффақиятга кўпинча муваффақиятсизлик муқаррарлигини билмаганлар эришади.
Эсте Лаудер, америкалик тадбиркор, “Эстее Лаудер” корпорацияси асосчиси:
Мен ҳеч қачон муваффақиятли бўлишни орзу қилмаганман. Бунинг учун фақат ишладим.
***
Мария Складовская-Кюри, физика ва кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган биринчи аёл ва тарихдаги биринчи икки карра Нобель мукофоти совриндори:
Мукаммалликдан қўрқманг, сиз унга ҳеч қачон эриша олмайсиз.
***
Мерилин Монро, актриса:
Муҳаббат ва иш ҳаётдаги ягона қимматли нарсалар. Севимли машғулот севгининг ўзига хос яна бир шаклидир.
***
Агата Кристи, ёзувчи:
Ҳаётда содир бўлиши мумкин бўлган энг катта бахт - бу бахтли болаликдир.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.