Вилоятнинг 2025 йилги бюджети тасдиқланди
Харажатларнинг 61 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бешинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.
Дастлаб, вилоятнинг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов маълумот берди.
Қайд этилишича, яқинда қабул қилинган “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2025 йилги даромадлари 5 триллион 915,3 миллиард сўм ва харажатлари 8 триллион 8,6 миллиард сўм ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 триллион 93,3 миллиард сўм этиб белгиланган.
– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан бизнес учун солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш, солиқ юки кескин ошишининг олдини олиш, тадбиркорлик муҳити барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари ўзгаришсиз сақлаб қолинмоқда, – деди Ф.Абилов. - Жумладан,
- қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоиз;
- фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз;
- айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз;
- ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз);
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз;
- жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ставкаси 12 фоиз миқдорида ўзгаришсиз сақлаб қолинади.
Тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун тенг шароит ва қулай бизнес муҳитини яратиш ва инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида жами йиллик даромади 100 миллион сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ юкини пасайтириш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб ЯТТларнинг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фиоз) ўрнига якка тартибдаги тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида қатъий даромад солиғини тўлаш (ихтиёрий тарзда) ҳуқуқи берилмоқда.
Мисол учун, деҳқон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи ЯТТ ўзи учун 60 минг сўм қатъий солиқ тўлаган бўлса, ёллаган ходими учун 1 миллион сўм ойлик ҳисоблаб, ундан 12 фоиз ставкада 120 минг сўм солиқ тўлаган. Эндиликда ушбу тадбиркор ўз ходими учун ўзи тўлаган солиқнинг ярми, яъни 30 минг сўм солиқ тўлаш ҳуқуқига эга бўлади
2025 йил 1 январдан иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, саноат, хизматлар, қурилиш соҳалари учун сув солиғи ставкаси тенглаштирилиб 1 куб метр ер усти сув учун 700 сўм, ер ости сув учун 850 сўм этиб белгиланмоқда.
2025 йил 1 январдан автомобилларни ювишда фойдаланиладиган ер ости сувининг 1 куб метри учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 15 минг сўм (амалда 2 700 сўм) қилиб белгиланмоқда. Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари 2025 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ ставкаларини фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб энг кам ва энг юқори ставкаларида (65 минг сўмдан 1 миллион сўмгача) белгилаш ваколатига эга бўлади.
Вилоятнинг 2025 йил учун бюджет харажатларида иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар учун 2 триллион 31,6 миллиард сўм маблағ режалаштирилмоқда.
Бюджет харажатларининг 61 фоизи ёки 4 триллион 900,7 миллиард сўми (2014 йилга нисбатан 629,3 миллиард сўмга кўп) ижтимоий соҳа харажатлари учун йўналтирилмоқда. Хусусан, таълим соҳасига 1 триллион 370,6 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 3 триллион 238,4 миллиард сўм (2024 йилга нисбатан 18,3 фоиз кўп) маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Ташаббусли бюджетни молиялаштириш учун жами 639,7 миллиард сўм (2024 йилга нисбатан 181,4 миллиард сўм ёки 40 фоиз кўп) маблағ, шу жумладан, янги йўналиш “Менинг мактабим” лойиҳасини амалга ошириш учун маҳаллий бюджетларда 76,1 миллиард сўм (ҳар бир мактаб учун 60,2 миллион сўмдан) маблағ кўзда тутилган.
Иқтисодиётга йўналтирилиши режалаштирилаётган харажатлар қарийб 635,8 миллиард сўмни ташкил этиб, жами харажатларнинг 8 фоизини ташкил этади.
Мазкур масала юзасидан республика Ҳисоб палатаси шуъба бошлиғи З.Иботов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиев, бюджет ташкилотлари раҳбарлари, депутатлар ўз фикрларини билдирди ва вилоятнинг 2025 йилги маҳаллий бюджети тасдиқланди.
Шундан сўнг вилоятдаги бошқарма ва ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни ва шу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бажарилиши юзасидан вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Темировнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланишича, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали, “Самарқанд сув таъминоти” корхонаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, вилоят автомобиль йўллари бошқармаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, давлат кадастрлар агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят транспорт бошқармасида бу борадаги қонунчилик ижроси ўрганилганда давлат тилида иш юритиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ҳужжатларни тайёрлашда кўплаб камчилик ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Мазкур масала юзасидан депутатлар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Сессияда вилоятда 2025 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурини тасдиқлаш, дала чети ва канал-коллектор атрофидаги ерларда даромадли экинлар уруғларини экиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Самарқанд шаҳрининг экологик “мастер-режа”сини тасдиқлаш, вилоятда 2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида танланган маҳаллаларда томорқа ерларини суғоришни яхшилаш бўйича дастурга киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.