Вилоятнинг бош архитекторига маъмурий чора кўриладими? Самарқанд тумани ҳокими ўринбосари ва туман ИИБ бошлиғига-чи?

Кейинги вақтда аҳолига ўзларини қийнаб келаётган муаммолари ёки ўйлантираётган масалалари бўйича тегишли органлар ёки раҳбарларга мурожаат қилиш учун кенг имконият яратиб берилмоқда. Хусусан, айни пайтда бирор ишни битириш учун уйдан чиқмасдан, тегишли давлат идорасига мурожаат йўллаш мумкин.

Айтиш керакки, бу борада вилоят ҳокими ҳудуднинг биринчи раҳбари сифатида бошқаларга ибрат бўлиб келяпти. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда ҳар бир мурожаатчи тингланиб, кўтарилаётган муаммо ёки масаланинг ечими топилмоқда. Бундан ташқари қабулга келиш имкони бўлмаганлар вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига ўз мурожаатини йўллашлари мумкин. Мурожаат тегишли тартибда масъулларга ва ижрочиларга етказилиб, ижроси назоратга олинмоқда.

Аммо уларнинг барчаси ҳам қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиляптими? Мурожаатчилар кўтарган масала ёхуд уларни ўйлантираётган муаммо ҳал этиляптими?

Муҳими, бу борада ҳам вилоят ҳокимлигида қатъий тартиб ўрнатилган. Белгиланган режа асосида мурожаатларнинг ўрганилиши ҳолати муҳокама қилиб борилмоқда. Ўтган ҳафта (16 январь) бўлиб ўтган ана шундай муҳокама давомида айрим раҳбарларга кескин чоралар кўрилди. Нега?

Самарқанд шаҳри, Мустақиллик кўчаси 11-уйда истиқомат қилаётган Ҳаёт Муроджонова сайёр қабулда вилоят ҳокимига ноқонуний бузилаётган уй-жойи тўғрисида мурожаат қилган. Жойига чиқиб ўрганишни талаб қиладиган ушбу масала вилоят бош архитектори Б.Элмуродовга юклатилган. Бироқ 2019 йилнинг декабрь ойида қилинган мурожаат ўтган давр мобайнида кўриб  чиқилмаган.

Бундан ташқари Б.Элмуродов тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ер майдони ёки бўш бино ажратиб беришни сўраган фуқаронинг ҳам мурожаатини белгиланган муддатда кўриб чиқмаган. Ваҳоланки, вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига йўлланган мурожаат 2019 йил 26 декабрда рўйхатга олинган ва вилоят бош архитекторига йўналтирилган.

Вилоят бош архитектори Б.Элмуродовнинг берилган топшириқларни бажармасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги масаласини ўрганиб чиқиш вилоят прокуратурасига топширилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Самарқанд туманида мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилаётганини танқид қилди. Жумладан, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Жумаев ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Тошев “Очиқ мулоқот” кўрсатуви орқали йўлланган мурожаатларни ўз вақтида бажармаган.

Бу ҳолатга қонуний баҳо бериш Самарқанд тумани прокурорига юкланди.

Бундан ташқари, вилоят прокурори ўринбосарига жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинган мурожаатлар ижроси кечиктирилиб бажарилиши ҳолати бўйича “Ўзтелеком” акциядорлик компанияси вилоят филиали бошлиғи Х.Равшанов, вилоят ҳокимлиги Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Мамарасуловларни расман огоҳлантириш тавсия этилди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, вилоят ҳокимининг сайёр қабули, телеграм мессенжери, вилоят ҳокимлигининг ишонч телефони, вилоят телевидениесининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувига жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган мурожаатлар ижроси бўйича бошқарма бошлиқлари ва туман, шаҳар ҳокимларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Ё.ГАДОЕВ.