Вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини кузнинг охири — қишнинг бошида бўлиш эҳтимоли бор

Бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Дунёдаги кўп давлатларда вирусга чалинишнинг иккинчи тўлқини бошлангани ҳақида хабарлар тарқаляпти. Бизда ҳам шундай ҳолат бўлиши мумкинми?

— Биз чет эллик хамкасабаларимиз билан деярли ҳар куни алоқада бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз. Ҳозирги кунда иккинчи тўлқин ҳақида ахборотлар йўқ.

Хитойнинг айрим шаҳарлари коронавирусдан холи деб эълон килингандан сўнг яна вирусга чалинган беморлар аниқланган. Лекин бу — иккинчи тўлқин эмас.

Дунё олимлари фикрига кўра, коронавируснинг бунгача бўлган бошқа турлари каби COVID-19 ҳам иккинчи тўлқин бериши мумкин. Аммо бу жараён уларнинг фикрича, кузнинг охири — қишнинг бошида бўлиш эҳтимоли бор. Лекин бу фақат тахмин.

Иккинчи тўлқин бўлса ҳам инсониятнинг тайёргарлик даражаси биринчи тўлқинга нисбатан юқорироқ бўлиши аниқ.