Волейбол, шахмат ва шашкада самарқандликлар биринчи

Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши тизимида фаолият юритаётган бошланғич ташкилот ходимлари ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди.

Жиззах, Навоий, Бухоро ва самарқандликлар баҳс олиб борган спорт тадбири “11 ноябр - Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан "Спорт - саломатлик гарови" шиори остида ташкил этилган спартакиаданинг ИИ босқичида улар спортнинг волейбол, мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича Республика финал босқичига йўлланмаси учун беллашдилар.

Мусобақа якунига кўра, спортнинг волейбол тури бўйича биринчи ўрин мезбонлар эгаллаган бўлса, мини футбол бўйича Бухоро вилояти жамоасига тенг келадигани топилмади. Стол тенниси бўйича бухоролик Сардор Ҳамдамов ва Гулнора Шарофова барча рақибларидан чаққон эканлигини кўрсатди.

Шахмат беллашувида вилоятимиз вакиллари Жасур Мамаюсупов ҳамда Мафтуна Арзиқулова мусобақанинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди. Шашка беллашувида ҳам самарқандликларнинг қўли баланд келиб, Амрилло Абдуллаев ва Мунира Бобоева республикада баҳс олиб борадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз: биринчи ўринни эгаллаган спортчилар жорий йилнинг 5-6 ноябр кунлари Тошкет вилоятининг Чирчиқ шаҳрида, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институти ҳамда "Бўстон" сиҳатгоҳи базаларида бўлиб ўтадиган спартакиаданинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Жўшқин Очилов.