Вояга етмаганларга жазо тайинлашда енгилликлар бор
Жиноят-процессуал кодексида вояга етмаганларнинг жиноят ишларини юритишга оид алоҳида боб халқаро ҳуқуқ талабларига мос равишда белгиланган.
Жумладан, мазкур кодекснинг 547-моддасига кўра, жиноят содир этганига қадар ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятларига оид ишларга жиноий жавобгарлик ёши 14, 16 ва 18 ёш қилиб белгиланган. Бунда, жавобгарлик ёшининг вояга етмаганларнинг руҳий муносабати ва қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ҳисобга олинган.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, вояга етмаганларнинг жиноятларига доир ишларни юритишда қонуний вакиллар ва ҳимоячининг иштирок этиши шарт. Ушбу кодекснинг 51 ва 52-моддаси талабларига кўра, ҳимоячи уни ҳуқуқларини таъминласа, қонуний вакил унинг физиологик ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш имкони чекланганлиги эътиборга олинган.
Вояга етмаганнинг ёши, шахсига хос хусусиятлари ва саломатлиги, турмуш ва тарбияланиш шароитлари ва ниҳоят катта ёшли далолатчилар ва бошқа иштирокчиларнинг бор ёки йўқлиги ҳақидаги мезонлар аниқланиши белгиланган.
Шунингдек, вояга етмаган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг сўроқ қилиниш жараёнининг ўзига хослиги, сўроқ чоғида терговчининг рухсати билан вояга етмаганнинг қонуний вакили, терговчи ёки прокурорнинг ихтиёрига кўра, педагог ёки психолог иштирок этиши белгиланган. Бундан ташқари, ЖПКнинг 553-моддасида вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчини сўроқ қилишга кетган вақти, кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда, олти соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.
Ёш айбланувчига ЖПКнинг 237-моддасида назарда тутилган эҳтиёт чораларидан бири, яъни ота-онаси, ҳомий, васийларнинг қаровига, башарти у болалар муассасасида тарбияланаётган бўлса, шу муассаса раҳбарининг қаровига топширилиши мумкин.
Шу билан бирга “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 12-бандида вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда судлар Жиноят кодексининг 81-90-моддаларида белгиланган хусусиятларни инобатга олишлари шартлиги белгиланган.
Вояга етмаганларга жазо тайинлаш пайтида унинг ривожланиш даражаси, тарбияси, соғлиги, руҳий ривожланиш даражаси, жиноятни содир этиш мотивлари, катталарнинг унинг хулқ-атворига салбий таъсири ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ҳолатлар баҳоланиши лозим.
Ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахс иш судда кўрилаётган вақтда вояга етган бўлса ҳам, унга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ёки миқдори ЖКнинг 82-85-моддаларида белгиланган максимал муддат ва миқдорлардан ошиши мумкин эмас.
Амалдаги ЖПКнинг 563-моддасида вояга етмаган судланувчига ҳукм чиқаришда суд шартли ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланса, унга жамоат тарбиячиси тайинлаши зарур. Бу эса келгусида янги жиноят содир этилишини олдини олиб, соғлом турмуш тарзига қайтиш имконини яратади.
Ф.Саматов,
Жиноят ишлари бўйича Нуробод туман судининг раиси.