Халқ ўқитувчиси пенсияни ҳам, ойликни ҳам тўлиқ олади


Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган фахрий унвонлари бўлган ишлаб турган пенсионерлар, яъни "Ўзбекистон Республикаси халқ... (ўқитувчиси, устаси, артисти ва бошқалар), "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган... (маданият ходими, фан арбоби ва бошқалар)га пенсия пуллари тўлиқ миқдорда иш жойлари орқали тўланади.
Бундан ташқари, асосий иш билан банд бўлмаган ва ижодий ишлари бўйича даромад (гонорар) олган пенсионерларга ҳам олган даромадларининг миқдоридан қатъи назар, пенсиялари 100 фоиз тўлаб берилади.
Фармонга кўра, илгари тайинланган ва тўланган пенсия ишлари қайта текширувдан ўтказилганда аниқланган ортиқча тўловлардан воз кечиш ҳам белгиланган. Бунда асосий талаб 65 ёшдан ўтган пенсионерларда аниқланган ортиқча тўловлар бўлса ҳамда 2010 йилга қадар тайинланган пенсия ишларидан хато ва камчиликлар аниқланиб, ортиқча тўловларга йўл қўйилган бўлса, ушбу қарздорлик суммаларидан воз кечилади.

***

Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги Қарорига кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Абдурашид РАҲИМОВ,
бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.