Халқ орзу-истакларининг ҳуқуқий рўёби
Мамлакатимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган ушбу сананинг асосий тантанаси Самарқанд шаҳридаги Концерт залида бўлиб ўтди.
Вилоят фаоллари, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалар вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этган йиғилишни Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов очди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев йиғилганларни байрам билан қутлади.
Таъкидландики, Конституциямиз миллий давлатчиликни бунёд этиш, янгича бошқарувни яратиш, демократик тамойилларга таянган ҳолда сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Унда ифодаланган ғоя ва тамойиллар жамиятимизнинг жаҳон ҳамжамияти томон юз тутишига замин ҳозирлади, халқимиз манфаатининг устуворлиги, одамларимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-нияти, ҳуқуқи, эркинлиги, маънавий-ахлоқий қадриятлари ўз ифодасини топди.
– Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда демократик жамият барпо этишнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда, – деди вилоят ҳокими. – Тинчлик-хотиржамлик, миллатлараро дўстлик ҳукмрон бўлган юртимизда бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалардаги изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб номлангани, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ишлаб чиқилгани ўз самарасини бераётир.
Президентимизнинг вилоятга ҳар бир ташрифи ҳаётимизга ўзига хос жўшқинлик бахш этмоқда.
Ургут туманида эркин иқтисодий зона ташкил этилди, Қўшработ ва Булунғур туманларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинди. Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази бунёд этилаётир ва ушбу муқаддас маскан мусулмон оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бирига айланиб боряпти. Самарқанд шаҳрида "Самарқанд сити" сайёҳлик мажмуаси ҳамда шаҳарнинг янги маъмурий марказини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қиймати 6 триллион 396 миллиард сўмлик 2016 та лойиҳа амалга оширилди. 170 миллиард сўмлик 178 та ижтимоий соҳа объектлари – таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари фойдаланишга топширилди. 477 километр автомобиль йўллари барпо этилди ва таъмирланди.
Намунавий лойиҳалар асосида 1935 та арзон уй-жойлар қурилди. Тинчлигимизни таъминлаб келаётган 300 нафар ички ишлар ходимлари хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида енгил автомашина билан таъминланди.
Иқтисодиётимизнинг етакчи бўғинига айланган тадбиркорлик субъектлари томонидан 2834 та кичик, 557 та оилавий ва 30 та қўшма корхоналар ишга туширилди.
Жорий йилда 4 нафар ёшларимиз республика фан олимпиадасида, 12 нафар спортчи йигит-қиз Осиё, 8 нафари жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлди.
Тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонларига кўра Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган 35 нафар самарқандликларга унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққан Самарқанд давлат университети ректори, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Р.Холмуродов Президентимизнинг ушбу юксак эътибор ва эътирофи ҳар бир юртдошимизни Ватан равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундашини таъкидлади.
Тадбирда пойтахтлик таниқли санъаткорлар ва вилоятимиз ёш ижодкорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
«Зарафшон» мухбирлари.