Халқаро стандарт – экспорт кафолати
Халқаро миқёсдаги ягона стандартларнинг жорий қилиниши эса хавфсизликни таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнлари ва энергия самарадорлигини оширувчи хавф-хатарни баҳолаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш технологияларининг фаол тарқалишига ёрдам берди.
Халқаро стандартларни қўллаш тадбиркорлар ва бутун мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ва жаҳон бозорига чиқишнинг муҳим йўлларидан биридир. Чунки дунё тан олган андазадаги маҳсулотга талаб ҳар доим ҳам юқори бўлади. Бундай стандартлар халқаро стандартлаштириш амалиётида кенг қўлланилади. Уларда кўп мамлакатлар учун хос умумий эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилган дунё илмий-техникавий ютуқлари ва илғор ишлаб чиқариш тажрибаси умумлаштирилади. Қолаверса, халқаро стандартлар савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишни таъминлайди. Бу Жаҳон савдо ташкилотининг савдодаги техник тўсиқлар бўйича битимида тан олинган.
Шундай бўлса-да, халқаро стандартларни кенг миқёсда татбиқ қилиш қатор сабабларга кўра жуда қийин масала ҳисобланади. Чунки миллий хавфсизлик талаблари, аҳолининг ҳаёти, соғлиғи, мулки, атроф-муҳит хавфсизлиги, иқлим, жуғрофий ёки технологик муаммолар бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам миллий ва халқаро стандарт талабларининг фарқини қисқартириб бориш зарур. Бунинг ечими сифатида халқаро андазани миллий стандарт ўрнида қўллаш унинг афзалликларини тўлиқ амалга оширишга имкон беради. Бу эса мамлакат экспорт салоҳиятини оширишнинг асосий шарти ҳисобланади.
Ҳозирда республикамиздаги 6180 та корхонада O'z DSt ISO 9001, 129 та корхонада O'z DSt ISO 22000:2009, 35 дан зиёд корхонада O'z DSt ISO 50001:2015 ва 540 га яқин синов лабораторияларида O'z DSt ISO/IEC 17025:2007 миллий андаза сифатида қўлланилаётган халқаро стандартлар жорий этилган.
Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги мева-сабзавот, узум-полиз ва дуккакли экинлар, қуритилган сабзавот ва меваларни экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қарори ҳам соҳа ривожига қаратилган. Қарорда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини халқаро меъёрлар талаблари асосида етиштириш белгиланган. Бунинг учун "Ўзстандарт" агентлиги томонидан 2018 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортни кўпайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа иттифоқи комиссиясининг 69 та стандарти, Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг 24 та "Кодекс Алиментариус" стандартлари амалиётга жорий этилди.
Азизбек ТУРДИЕВ,
вилоят
стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бош мутахассиси.
Ҳозирда республикамиздаги 6180 та корхонада O'z DSt ISO 9001, 129 та корхонада O'z DSt ISO 22000:2009, 35 дан зиёд корхонада O'z DSt ISO 50001:2015 ва 540 га яқин синов лабораторияларида O'z DSt ISO/IEC 17025:2007 миллий андаза сифатида қўлланилаётган халқаро стандартлар жорий этилган.