Хавфсиз ҳудуд посбони – осойишталик қалқони

Вилоят ички ишлар бошқармаси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, "Маҳалла" жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тошпўлатов ва бошқалар вилоятда жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликларга тўхталиб, янги тузилма мазкур жараёнда самарали фаолият юритишини таъкидлади. 

Шунингдек, янги тузилмада бор куч ва билими билан жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фаол хавфсиз ҳудуд посбонлари келгусида ички ишлар органларига ишга қабул қилиниши, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшларга тўлов шартномаларини тўлашда имтиёз ва имкониятлар берилиши қайд этиб ўтилди.

– Жамоатчилик назорати бор жойда ҳар қандай жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олди олинади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов. – Шу боис айни пайтда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида жойларда "Хавфсиз ҳудуд посбонлари" тузилмаси ташкил этилмоқда. Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда илк бор ташкил этилаётган янги тузилмага 3105 нафар ёшлар жалб қилинди.

Уларнинг 1500 га яқини ҳарбий хизматни ўтаб қайтган олий ўқув юртларининг талабаларидир. Улар ҳар бир маҳаллага 15 нафардан тақсимланиб, маҳалла раиси, профилактика инспектори, посбон жамоатчилик тузилмаларига бириктирилди. Хавфсиз ҳудуд посбонлари белгиланган режа асосида ўзларининг хизмат кунларида маҳалла ҳудудини кузатиб боришади. Шубҳали ҳолатларда профилактика инспектори, маҳалла посбони ва бошқа бириктирилган мутасаддиларга тегишли тартибда хабар бериб, мавжуд қонунга зид ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.

Хавфсиз ҳудуд посбонлари тузилмасида хизмат қилиш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этди. Мутасаддилар томонидан белгиланган талаблар асосида энг муносиблар танлаб олинди.

– Ёшлигимдан ички ишлар органида хизмат қилишни орзу қилардим, – дейди "Хўжа Юсуф" маҳалласига бириктирилган хавфсиз ҳудуд посбони Бекзод Қобилов. – Бугун мақсадимнинг бир қисмига эришганимдан хурсандман. Келгусида билдирилган ишончни оқлаб, ички ишлар идораларида хизмат қиламан.

Алишер ИСРОИЛОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ

(фото).