Хитой ҳудудида ҳар йили Россия ҳудудидагидан бир ярим баравар кўп ёғоч тайёрланади
12 март - Хитойда дарахт ўтқазиш куни. Ҳар йили шу куни мамлакатда мактаблардан тортиб барча ташкилот ва корхоналарда дарахт ўтқазилади. Кўпчилик Хитой ёғоч хомашё материалларини асосан четдан сотиб олади, деб ўйлайди. Ундай эмас экан. Хитой ҳудудида ҳар йили Россия ҳудудидагидан бир ярим баравар кўп ёғоч тайёрланади.
Масалан, 2017 йилда Россияда 212,4 миллион кубометр, Хитойда эса 329,3 миллион кубометр ёғоч тайёрланган. Фарқ яна шундаки, Хитойда ўрмончиликка катта эътибор, тежамкорлик билан қаралади. Ўрмонларни пала-партиш кесишга йўл қўйилмайди, махсус плантацияларда қатъий тартиб билан олиб борилади. Битта дарахт кесилса, ўрнига ўнта экиш ва парваришлаш таомилга киритилган. Аммо махсус ташкил этилган ўрмон плантацияларидан тайёрланадиган ёғоч ички талабга камлик қилади. Шу боис Хитой Россия, Бразилия, Канада, Янги Зеландиядан ёғоч хомашёси сотиб олади.
Таъкидлаш керак, Хитойда ёғочни чиқиндисиз қайта ишлаш технологияси юксак даражада ривожланган. Кесилган дарахтнинг танаси, шох-шабаси, пўстлоғи, баргигача қайта ишланиб, ёғоч-тахта, мебель, энг охирги маҳсулот тиш ковлагич, болалар памперси тайёрлаш билан тугайди.
Т.МУРОД тайёрлади.