Хитой касалхоналари COVID-19 билан касалланган беморлар оқимига бардош бера олмаяпти
Хитой соғлиқни сақлаш тизими коронавирусга чалинган беморлар оқимига қарши курашмоқда.
Reuters маълумотларига кўра, касалхоналар гавжум ва вилоятларда шифокорлар беморларга ўз машиналарида муолажа қилишга мажбур бўлмоқда.
Декабрь ойи бошида Хитой ҳукумати сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик норозилик намойишлари тўлқинидан сўнг уч йиллик "ноль ковид" - миллиондан ортиқ шаҳарда ҳатто бир нечта ҳолат туфайли блокировка жорий этилган қаттиқ чекловлар сиёсатидан воз кечди.
Бундай чора-тадбирлар мамлакат аҳолисида табиий иммунитетни шакллантиришга имкон бермади ва Хитойда ишлаб чиқилган вакциналар Ғарбникига қараганда, айниқса COVID-19 нинг мутацияга учраган вариантларига қарши курашда анча кам самарали эканлиги айтилмоқда.
Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг ёпиқ йиғилишида эълон қилинган маълумотларга кириш имконига эга бўлган Bloomberg агентлигига кўра, 20 декабрнинг ўзида бир кунда 37 миллион хитойлик коронавирус билан касалланган. Шу билан бирга, мустақил таҳлилчилар ҳар куни инфекциялар сонини миллионга яқин деб ҳисоблашади, расмий Пекин эса ой бошидан бери атиги уч минг ҳолат ҳақида маълум қилган.