Хитойда пенсия жамғармаси йўқ, аммо пенсия бор

Ҳа, шундай. Ҳаммаси оддий: хитойликлардан пенсия учун иш ҳақидан маълум сумма ушлаб қолинади ва бу пул унинг ҳисобига ўтади. Лекин хитойлик пенсияга чиқмагунча йиғилган пулни ололмайди. Агар у пенсиягача вафот этса, ҳисобидаги пул унинг меросхўрига ўтади. ХХРда умуммиллий пенсия жамғармаси йўқ, аммо минтақалар даражасида жамғарма бор. Амалда 3 хилда, яъни шаҳарда, қишлоқда ва давлат хизматчилари пенсияси мавжуд. Улар турли тартибларга асосан шаклланади. Бой ўлкаларда пенсия камбағаллардагига нисбатан 8 марта кўп бўлиши мумкин.

Шаҳарликлар оладиган пенсия кенг тарқалган. Иш берувчи минтақа пенсия жамғармасига иш ҳақининг 16 фоиз миқдорида бадал ўтказади, яна ишловчининг ўзи иш ҳақидан 8 фоиз бадал тўлайди. Кейинчалик бу пенсияга чиққан фуқаронинг давлат пенсиясига қўшимча ҳисобланади.

Ленин ҳайкалига тегишмади

Америкада ирқчиликка қарши норозилик билдирувчилар ҳайкалларни ағдариб ташладилар. Улардан АҚШнинг асосчи оталаридан бири, сурати икки долларлик пулга муҳрланган, Портленд шаҳридаги Томас Жефферсон ҳайкали ҳам омон қолмади. Сент-Пол шаҳридаги Колумб ҳайкали ҳам зарарланди. Аммо Сиэтлдаги Лениннинг 5 метрлик, оғирлиги 7 тонна бўлган ҳайкалига ҳеч ким тегмади. Бу ҳайкал Чехословакиянинг Попраде шаҳрида 1989 йилда намойиш этилганди. Америкалик Льюис Карпентер қарзга ботиб бўлса ҳам уни маҳаллий ҳукуматдан 13 минг долларга сотиб олган ва яна 42 минг доллар транспортга тўлаган ҳолда Ильични ўз ҳовлиси орқасига келтириб ўрнатган эди. Льюис 1994 йилда автоҳалокатда ҳалок бўлгач, ёдгорлик Сиэтлнинг қашшоқлар яшайдиган ҳудудига олиб келинди. 

“АИФ” (2020 йил. 27-сон)дан

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.